Линклар

 Россия расмийси: Бахтиёрлик вазирлигини тузиш керак


Валентина Матвиенко

Валентина Матвиенко

Хорижликлардан русларни таърифлаб беришни сўрасангиз, кўпинча “қатъий”, “ғамгин”, “жиддий” сўзларини эшитасиз. Россияликларни “бахтиёр” сўзи билан таърифлайдиган одамни деярли учратмайсиз.

Россия расмийси бу муаммони ечишнинг ўзгача йўлини таклиф қилди: мамлакатда Бахтиёрлик вазирлигини яратиш керак.

Бу ғоя ғалати эшитилса-да, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) аллақачон бундай вазирлик яратиш ниятида эканлигини эълон қилган.

Президент Владимир Путиннинг яқин ҳамкори, Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко БААга қилган ташрифи давомида Россияда ҳам бундай вазирлик тузиш кераклигини айтди.

Дубайда бош вазир шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум билан учрашган Матвиенко 13 апрель куни рус хабар агентлигига берган интервьюсида бу фикрни Россияда ҳам кўриб чиқиш лозимлигини айтди.

ТАСС ва “Интерфакс” агентликларининг хабар беришича, Матвиенко “Бундан мақсад ҳар бир одамни бахтиёр қилиш, бахтиёр мактабларни қуриш, ҳар бир фуқарони бахтли қилиш учун аҳолига хизматлар кўрсатишдир”, деган.

Матвиенко БАА бош вазири “ҳар бир бахтли одам бахтсизликни бахтга айлантира олади, бахтли одам террорист бўлишга ҳаракат қилмайди”, деганини айтган. “Менимча, бундай вазирлик Россия учун жуда фойдали бўлади”, дея сўзини давом эттирган Матвиенко.

Путиннинг яқин ҳамкори экани айтиладиган Матвиенко Россия Қримни аннексия қилиб олгани учун АҚШ жорий қилган санкциялар қора рўйхатига киритилган.

Ўтган ойда шимолий америкалик ҳамда британиялик тадқиқотчилар БМТ қўллови билан ялпи ички маҳсулот, умр узунлиги, коррупция ҳамда “қарор чиқариш эркинлиги” бўйича мамлакатлар рейтингини чиқарди. Унга 156 давлат киритилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Россиа 56-ўринда туради. Мамлакат Польшадан бир поғона баланд, Молодова ва Қозоғистондан бир поғона паст ўринни эгаллади.

Қизиғи шундаки, БАА бахтиёрлик вазирлигини тузишга киришган илк мамлакат эмас. Венесуэлада бундай идора 2013 йилдан бери фаолият юритиб келади. Бутан Қироллиги эса фуқароларнинг бахтиёрлигини кузатиб бориш учун узоқ йиллардан бери ялпи миллий бахтиёрлик индексини тузиб келади.

Россия ҳозирги кунда дуч келаётган муаммоларни эътиборга оладиган бўлсак, Кремлнинг БААдагига ўхшаш Бахтиёрлик вазирлигини тузиши амри маҳол. Агар бундай вазирлик чинда яратилса, бу БАА ва Россия ўртасидаги иккинчи ўхшашлик бўлади. Бу икки мамлакат ўртасидаги биринчи ўхшашлик эса айни дамда уларни бахтсиз қилаёган нарса, яъни нефтга бўлган қарамликдир.

XS
SM
MD
LG