Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:57

Наманганда аравакаш ва геймер болаларга қарши рейдлар ўтказилмоқда


Наманган вилоятида милиция ходимлари дарсдан қолиб, кўча-кўйда тиланчилик қилиб юрган, бозорда арава тортаётган ёки интернет кафеларда вақтини ўтказаётган геймер ўқувчиларга қарши рейдлар ўтказиб, уларни мактабга қайтармоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийларига кўра, дарс машғулотлари пайти бозорда ўнлаб бола ушланиб, мактабга қайтарилган.

Намангандаги "Ўқувчи" тадбири вилоят халқ таълими бошқармаси, мактаблар раҳбарлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Вилоят Халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган мулозимига кўра, сўнгги икки кун ичида ўқиш четда қолиб бозорда, автосервисларда ишлаётган ўнлаб бола аниқланган ва дарс машғулотларига қайтарилган:

– Бозорларга ҳозир милиция ходимлари, мактаб раҳбарларидан иборат группа чиқарилган. Арава судраган, савдо қилаётган, йўлда машина юваётган, тиланчилик қилаётган болалар олиняпти, ота-оналарига огоҳлантириш берилиб, мактабга қайтариляпти, - деди Наманган вилояти Халқ таъдими бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими.

Ўзбекистонда барча болалар ва ўсмирлар 12 йиллик мажбурий таълимни олишлари шарт.

Умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ҳам таҳсил олиши мажбур қилиб қўйилган.

Ўзбекистоннинг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 30-моддасига мувофиқ, ота-оналар болаларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар. Бу қонунни бузганлар эса, маъмурий жазога тортилади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, кўп болаларнинг мактабдан қолишига уларнинг оилавий аҳволи сабаб бўлаётир.

Жумладан, кам таъминланган оилалар болаларини кийим-бош, ўқув қуроллари билан таъминлай олмаслиги туфайли мактаб ёшидаги кўплаб бола ўқишдан четда қолаётгани айтилади.

Наманганнинг Тўрақўрғон туманидаги мактаблардан бирида ишловчи муаллимнинг айтишича, болаларнинг мактабга бормаслигига ота-оналарнинг бола тарбиясига эътиборсизлиги ҳам сабаб бўлаётир:

- Баъзи бир ўқувчилар етишмовчилик туфайли ўқиш вақти арава тортиб пул ишлашга мажбур бўлмоқда. Айримларини ота-оналари бунга йўл қўйиб беряпти. Ҳамма ҳозир пулни ўйлайдиган бўлиб кетди. Боласи ўқимаса ҳам майли, пул топиб уйига олиб кирса бўлди. Болани келажаги ҳеч кимни қизиқтирмайди, - дейди исми сир қолишини истаган тўрақўрғонлик муаллим.

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, болаларнинг мактабга бормаслигига фақат оиладаги ночорлик сабаб эмас:

- Ҳозир давомад жуда пасайиб кетган. Бунга ўқитувчиларни ўзлари ҳам сабабчи бўляпти. Ўқувчини бир нимасини олади, ёки телефонига пул тушириб қўйса ҳам бор кетавер, дер экан-да. Интернет кафега кирсангиз болалар ўйин ўйнаб ўтиради. “Нимага бу ерда дарс вақти ўтирибсан”, деб сўрасам, “қўяверинг, домлага айтиб қўйганман”, - дейди. Ҳозир назоратни кучайтирмаса бўлмайдиган бўлиб қолди, болаларни давомади сусайиб кетди, - дейди Носир Зокир.

Наманганлик журналист Носир Зокир билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:55 0:00
Бевосита линк

Вилоятда мактабга бормаётган болаларнинг аниқ сони маълум эмас.

Наманган ҳокимлигининг ахборот хизмати бошлиғи Ўғилхон Болтабоева Озодлик билан суҳбатда мактабларда давомад пастлигини рад этди:

”Наманганда ўқувчилар юз фоиз дарсга қатнашяпти”, - дея гапни қисқа қилди Болтабоева.

Мустақил кузатувчилар эса вилоятда ойлаб мактабга бормайдиган болалар борлигини айтишади.

Қишлоқ жойларида эса ота-оналар ўз фарзанддарини ўқишдан қолдириб, дала юмушларига жалб этиши, улар меҳнатидан фойдаланиши сир эмас.

- Мактабда эса муаллимлар давомад яхшилигини кўрсатиш учун дарсга келмайдиган ўқувчиларни ҳам дарсда қатнашган тарзда кўрсатаверишади, - дейди Наманганнинг Тўрақўрғон туманидаги мактаблардан бирида ишловчи муаллим.

XS
SM
MD
LG