Линклар

"Панамагейт" можароси боис Испания саноат вазири истеъфога кетди


Хосе Мануэль Сориа

Хосе Мануэль Сориа

Испания Саноат вазири лавозимини бажарувчи Хосе Мануэль Сориа "Панамагейт" можароси боис истеъфога кетди.

Reuters маълумотига кўра, Сориа қонунга хилоф фаолият билан шуғулланганини инкор қилган, бироқ жорий йил охирига белгиланган сайловларда ўз партияси натижаларига салбий таъсир кўрсатмаслик учун лавозимидан кетишини маълум қилган.

Апрель бошида Панамадаги Mossack Fonseca адвокатлик ширкатининг 40 йиллик махфий ҳужжатлари Ғарб журналистларига сиздирилди.

Ушбу ҳужжатларга кўра, Сориа сиёсат билан шуғулланишидан уч йил аввал, 1992 йилда Багамада расмийлаштирилган оффшор компанияси директори бўлган.

1995 йили Сориа Канар оролларидаги Лас-Пальмас шаҳрига мэр қилиб тайинланганидан уч ой ўтгач, ушбу компания бошқа шахс номига расмийлаштирилган.

"Панамагейт" можароси боис Исландия Бош вазири Сигмундур Давид Гуннлёйгссон ҳам истеъфога кетди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон эса отасига тегишли экани айтилган оффшор компаниясида улуши борлиги ҳақидаги маълумотлардан сўнг ўзининг 2009 йилдан 2015 йилгача бўлган даврдаги даромадлари бўйича рақамларни эълон қилди.

Фош бўлганлар орасида Россия¸ Қозоғистон¸ Озарбайжон ва Украина президентларидан тортиб то Саудия қироли Салмон ва футбол юлдузи Лео Мессигача бор.

Шунингдек, Панама ширкати ëрдамида "пул ювганлар" орасида МХХга алоқадор ўзбекистонликлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG