Линклар

 Тошкентда Каримов билан Назарбоев музокара ўтказди


Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев.

Тошкентга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев бугун президент Ислом Каримов билан учрашиб, музокара ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сув- энергетика, транспорт- логистика ва маданий-инсонпарварлик соҳаси бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Президентлар минтақадаги хавфсизлик масаласи ва Тошкентда ўтказилиши режаланган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитига доир масалаларни ҳам муҳокама қилишган.

Баъзи сиёсатшунослар фикрича, учрашувда Тошкент – Бишкек муносабатларидаги бўҳрон ҳам муҳокама қилинган бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, Назарбоев икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга эътибор қаратган:

"Мустақиллик йилларида биз бу алоқаларни сақлабгина қолмасдан, янада яқинлашдик. Бизнинг муносабатларимиз амалда ортиқча шаклларни талаб этмайди ва қўшничилик асосига қурилган. Бу муҳим аҳамиятга эга. Мен сиз билан дўстлигимдан ва қозоқ ва ўзбек халқи дўстлигидан фахрланаман. Мақсадимиз бу муносабатларни ўзаро ишонч асосида янада мустаҳкамлаш, келгуси авлодга етказишдир. Барча қозоғистонликлар номидан ўзбек халқига фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман", деган Нурсултон Назарбоев.

Назарбоев 14 апрель куни кечқурун Тошкентга келди. Уни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Қозоғистон нашрларининг билдиришича, Назарбоевнинг Тошкентга ташрифи арафасида Юнусобод массивидан Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган Черняевка посёлкасигача бўлган йўлга шошилинч равишда янги асфальт ётқизилган. Хабарларга қараганда, бу иш бир сутка мобайнида амалга оширилган, асфальтланган йўлнинг икки чеккасига эса гуллар экилган.

Кузатувчилар Назарбоевнинг мана шу йўл орқали Қозоғистонга қайтиши таҳмин қилинаётгани учун ҳам мана шундай чоралар кўрилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Назарбоев сўнгги марта расмий сафар билан Тошкентга 2013 йилда келган. Ўшанда икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик шартномаси, Ўзбекистон-Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ва божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланган эди.

XS
SM
MD
LG