Линклар

logo-print

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган автофлешмоб бошланди.

Бир қатор Интернет нашрлари, жумладан, Uznews.uz сайтининг хабар қилишича, Самарқанддаги юк машиналарини ишлаб чиқарувчи MAN заводи ўзининг юк машиналари "25" рақами шаклида тизилган суратни тармоқларда ёйган.

Намангандаги ватанпарварлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 10 та Captiva автомобилини айни шаклда териб, суратларини ижтимоий тармоқларда тарқатди.

Интернет нашрларининг хабар қилишича, бу флешмоб ташкилотчиси Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ҳаракатидир.

Ҳозир бу ҳаракат республиканинг турли вилоятлари бўйлаб касб-ҳунар коллежлари, турли ҳунармадлик, санъат ва спорт мактабларида “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” номи остидаги фестивални ўтказмоқда.

Ушбу фестивал доирасида турли вилоятлардаги ёшлар ҳам "Ватанимга дил изҳори!" номи остида флешмоб бошлаган.

Ижтимоий тармоқларда бу ёшлар у ёки бу кўринишда Ўзбекистонга муҳаббати ва хизмати акс этган ва албатта, "25" рақами туширилган турли видео, фотосуратларни тарқатмоқда.

Жумладан, Бухородаги гимнастикачи қизларнинг 16 апрель куни Youtube тармоғига юкланган видеоси ижтимоий тармоқларда айланмоқда:

Facebook тармоғида, шунингдек, қорақалпоғистонлик коллеж ўқувчилари тайёрлаган видео ҳам "Камолот" ҳаракати аъзолари томонидан тарғиб қилинмоқда:

“Биз буюк юрт фарзандларимиз!” номи остидаги ёшлар фестивали Ўзбекистонда "Камолот" ёшлар ҳаракати томонидан ҳар йили ўтказиб келинадиган тадбирлардан биридир.

Ҳар бир вилоятда баҳор фаслида ўтказиладиган бу тадбирга маҳаллий ҳокимиятлар, давлат ташкилотлари, таълим муассасалари мажбурий-ихтиёрий тарзда жалб қилиниши кузатилади.

Шунингдек, республикадаги санъаткорлар, давлат ва жамият арбоблари турли вилоятларда ўтказилаётган фестивалларда қатнашиши, ижодий чиқиш қилиши ва айни пайтда, маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиши лозим.

Бу йил ушбу фестивал Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд, Қорақалпоғистон вилоятларида бўлиб ўтди, ҳозир республиканинг бошқа вилоятларида давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG