Линклар

Россия ўз қирувчиси АҚШ самолёти йўлини тўсганини инкор қилди


АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Болтиқ денгизи устида ​Америка ҳаво кучларига тегишли RC-135 самолётининг Россияга қарашли Су-27 қирувчи самолёти томонидан хавфли даражада яқин масофада йўли тўсилгани ҳақида хабар тарқатди. Россия Мудофаа вазирлиги эса бу хабарни инкор қилди ва ўз самолёти фазо ҳудудидан халқаро тартиб доирасида фойдаланганини таъкидлади.

АҚШ капитани Дэнни Эрнандеснинг CNN телеканалига айтишича, ҳодиса 14 апрель куни содир бўлган. АҚШ томони Россияга тегишли Су-27 қирувчи самолёти хавфли даражада АҚШ ҳарбий самолётига яқинлашгани ва "нопрофессионал ҳаракатлари билан" унинг йўлини кесиб чиққанини таъкидлади.

Шунингдек, бу баёнотда рус учувчисининг тартибсиз ва агрессив ҳаракатлар қилгани айтилди.

АҚШ томонига кўра, Америка ҳарбийлари ўша куни Болтиқ денгизи узра режалаштирилган парвозни амалга ошираётган бўлган.

Аммо, Россия Мудофаа вазирлиги АҚШ томони баёнотига раддия берди. Вазирлик расмийси Игор Конашенковга кўра, Су-27 самолёти халқаро нормалар доирасида фазо бўшлиғидан фойдаланган ва АҚШ самолётига хавф солар даражада яқинлашмаган.

Россия томони ўз учувчиси катта тезликда Россия чегараси томон яқинлашаётган объектни кўздан кечириш учун унга яқинлашгани, аммо бунда халқаро қоидалар доирасидан чиқамаганини таъкидламоқда.

Бу икки давлат ҳарбийлари ўртасида бир ҳафта ичида содир бўлган иккинчи жиддий инцидентдир.

12 апрель куни ҳам АҚШ ҳарбий-денгиз флоти Россияга тегишли Су-24 бомбардимончи самолёти ва Ка-27 вертолёти АҚШга қарашли "Дональд Кук" эсминеци узра парвоз қилаётгани акс этган суратларни чоп этган эди.

АҚШ томони россия ҳарбий учоқлари хавфли даражада Америка кемасига яқинлашгани ва ҳавода турли манёврларни амалга оширганини айтган ҳамда бундай ҳаракатлардан "жиддий хавотир" изҳор қилган эди.

Илк инцидент бўйича баёнот берган АҚШ Давлат котиби Жон Керри буни қоралаган ва Россия ҳарбийларини "хавфли" провокацияга йўл қўйди, деб айблаган эди.

Керрига кўра, АҚШ ҳарбий кемаси унга ўта яқинлашган Су-24 самолётини халқаро нормаларга биноан уриб туширишга ҳақли эди.

Ўшанда ҳам Россия Мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков АҚШга қарашли "Дональд Кук" ҳарбий кемаси ёнидан учиб ўтган самолётлар хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилган, деб баёнот тарқатганди.

"Интерфакс" агентлиги Россияга қарашли СУ-24 самолётлари аввалдан режалаштирилган ўқув-амалий парвозларни амалга оширгани ва бу пайтда АҚШ кемаси Россия ҳарбий-денгиз базасига 70 километр масофага қадар яқинлашганини хабар қилган эди.

20 апрель куни Брюсселда бўладиган НАТОга аъзо давлатлар учрашувида Россия ва АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги бу зиддиятнинг алоҳида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG