Линклар

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги 39-мактаб-интернат директори Улуғбек Каримов ва яна бир хизматчи порахўрликда айбланиб, ҳибсга олинди. Туман ҳокимиятидаги Озодлик манбаси директорнинг хотини ҳам ҳибсга олинганини тасдиқлади. Иддаоларга кўра, терговда мактаб хизматчисининг Сурияга кетган избосканликларга алоқадорлиги ҳам ўртага чиққан.

Порахўрлик даъвоси

Избоскан тумани Пойтуғ шаҳридаги манбанинг Озодликка айтишича, пора олишда айбланиб, ушланган мактаб директори ва яна бир хизматчисини ҳибсда сақлаш муддати узайтирилган:

"Улар апрел ойи бошларида ушланган эди. Ҳозир ҳибсда сақлаш муддатини чўзишган. Пора олишда айбланган, лекин ҳозир бошқа айбловлар ҳам қўйилиши мумкин, дейишяпти", деди манба.

Озодлик Избоскан туманидаги маҳаллий ҳокимият идораларига боғланиб, мактаб-интернат директори айни пайтда ҳибсда эканини тасдиқлашга муваффақ бўлди.

"Ҳозир у кишини олиб кириб қўйишган. Ўзи сал олдин хотинини ҳам қамаб қўйишган эди. Ўзини шу пора билан ушланди, дейишди. Хотини эса чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланган дейишди. Шу ой бошида ушланган Улуғбек ака. Чиқади-чиқади, дейишганди 15 кунда. Лекин чиқаришмади, энди узоқ қолади шекилли. Бирор аниқ гап йўқ-да ҳозир", деди Избоскан туманидаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Шунингдек, таълим тизими икки ходимнинг қанча миқдордаги пора билан ушлангани ҳақида ҳам ҳозирча маълумот йўқ.

Сурияга оид иддао

Озодликка маълумт сиздираётган манба иддаосига кўра, бу хабарни у Андижон вилояти МХХ тизимига яқин манбалардан олган:

"Мен МХХда ишлайдиган одамларнинг қўшниларидан олдим бу маълумотни. Ҳозир энди ҳамма гап Каримовнинг ёрдамчиси устида кетаяпти. Пора иши ҳозир ҳеч нарса бўлмай қолаяпти. Чунки, аввалдан ўзи тергов бораётган бўлган, Избоскандан Сурияга кетганларга алоқадорлар устидан. Ҳозир маҳаллаларда Сурияда юрган 5та избосканлик йигитнинг видеосини кўрсатишяпти. Энди шу йигитларга алоқаси борлар секин-секин олиняпти. Шу ёрдамчини шу ишга алоқаси бор, дейишяпти", деди манба.

Озодлик Избоскан тумани Халқ таълими бўлими, ҳокимияти ва 39-мактаб маъмуриятидан МХХга яқинлинигини иддао қилган манбадан олинган иддаолар бўйича бирор маълумот ололмади. Хусусан, 39-мактаб жамоасидан Улуғбек Каримовнинг пора билан ушлангани ҳақидаги маълумотдан бошқа маълумот йўқлиги ҳақида жавоб олди.

Сурияга кетган избосканликлар

Избосканлик манбалардан олинган маълумотга кўра, маҳалла қўмиталари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокидаги давра суҳбатлари, йиғилишлар чоғида намойиш қилинаётган ҳужжатли фильмда Чувама қишлоғи ва Пойтуғ туманидан Сурияга кетгани иддао қилинган 20-30 ёшлар оралиғидаги избосканлик йигитларнинг жанг майдонларидаги суратлари, видеолари намойиш қилинмоқда.

"Мен ўз кўзим билан кўрдим, чувамалик иккита ёш ака-ука кетган, деб кўрсатишди телевизордаям. Уларнинг ота-онасини шахсан танийман. Боқижон ака ва Гулноза опа, деганларнинг ўғиллари. Ўзи бу болалар Россияга ишлагани кетган экан, энди тушунишимча, ҳар хил йигитларга қўшилиб, Туркияга кетиб қолишган экан. Энди мелиса булар Сурияда, деяптию. Ота-онаси яхши юришибди, ҳозир. Бечоралар болалари учун айбдор, бўлиб қолди-да. Бўлмаса, ким хоҳлайди боласининг урушга юборишни?!" дейди исмини сир сақлаган избосканлик аёл.

У яқинлари Сурияга кетгани боис, ҳибсга олинаётган ёки сўроққа тутилаётган избосканликлар ҳақида эшитмагани, аммо маҳалла-кўйда ҳам бундай оилалар ортидан назорат кучайганига гувоҳ бўлганини қўшимча қилади.

ИШИДга боғланган сазойилар

Кейинги пайтларда Ўзбекистон бўйлаб ИИВ ва МХХ томонидан Сурияга кетгани аниқланган ёки даъво қилинаётган шахсларининг яқинлари устидан босим кучайтирилгани, маҳалла қўмиталарида эса бундай оилалар, ҳатто, сазойи қилинаётгани кузатилмоқда.

Асосан, жума кунлари ўтказилаётган ушбу тадбирларда диний айбловлар билан қамалган, шу айблов билан яқинда ҳибсга олинган ва ушбу айб билан қидирувга берилганларнинг қариндошлари участка нозири томонидан олиб келиниб, маҳалла-куйдан кечирим сўрашга мажбурлангани хабар қилинган.

Ўтган йилнинг ёзидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ИШИДга қарши тарғибот тадбирлари бошланган. МХХ йиғинларидан ташқари маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, ИШИД зўравонликлари, ваҳший қотилликлари ва унга қўшилиш оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Айни пайтда Сурияга кетгани аниқланган ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан даъво қилинган шахсларнинг яқинларини ҳибсга олиш ҳоллари Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятида кузатилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG