Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:44

Қозоғистон: Нуралик ўқитувчиларга мактабда смартфон ишлатиш тақиқланди


Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Нура туманидаги ўрта мактаб ўқитувчиларига дарсга смартфон билан келиш тақиқлаб қўйилди. Бу тақиқдан ҳайрон бўлган ўқитувчилар ўзларининг қандай махфий маълумотга воқифлигини тушунолмай доғдалар.

Нура туманининг 1-ўрта мактабида апрель ойида маҳаллий халқ таълими бўлимидан хат олинганидан кейин смартфон ва бошқа турли гажетлардан фойдаланиш ман қилинди. Мактаб маъмурияти бу тақиқ амалда қандай қўлланилаётганини изоҳлашдан бош тортди.

- Шу буйруқни бажара бошладик. Ҳозирда [мактабга] смартфон кўтариб келмаяпмиз, - деди Озодликнинг қозоқ хизматига исмини айтишни истамаган мактаб ходимаси.

Март ойи охирида Нура туманидаги мактаб директорлари “Ошиғич” устхати билан мактуб олганлар. Унда мактуб “Нура туман ҳокими вазифасини бажарувчи иштирокида 2016 йил 29 мартида ўтган аппарат мажлиси баённомасини амалга ошириш мақсадида” юборилгани урғуланган.

“Нура туман таълим муассасалари педагогик жамоалари хизматга оид маълумотларни тўлақонли ҳимоя қилиш ва уларнинг сизишига йўл қўймаслик мақсадида Интернетга уланиши мумкин бўлган ва фотокамералар билан жиҳозланган мобил қурилмалари (уяли телефонлар, планшетлар, смарт-соатлар) ишлатишнинг тақиқланишини имкон қадар таъминлаши зарур”, дейилади Нура туман таълим бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Алшимбаева имзолаган мактубда.

Унда мактаб директорларидан ҳам гажетларни қайдга олиш ва уларни таълим муассасаси эшиги олдида сақлаш масаласини ҳал қилиш сўралган. Эндиликда ўқитувчиларга мактабда фақат қўнғироқ қилиш ёки SMS ёзиш имкони бўлган оддий телефонларни тутишга рухсат берилмоқда.

Нура туман таълим бўлими Озодликнинг қозоқ хизматига тумандаги 33 та мактабга шу мазмунда хат жўнатилганини тасдиқлаган, бироқ тақиқ юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Нура туманидаги мактаблардан бирида ишладиган Сауле Ибраева (респондентнинг илтимосига кўра исми ўзгартирилган) гажетларни тақиқлаш ҳақидаги буйруқнинг мактабларга дахли бўлмаслиги керак, деган фикрда.

Унинг ҳамкасби Ирина Смирнова (исми ўзгартирилган) ҳам мактабларда қанақа махфий маълумот бўлиши мумкинлигини тушунолмай ҳайрон.

- Директорларнинг баъзан ўзини ғалати тутишидан ташқари мактабларда қанақа давлат сири бўлиши мумкин? Унақада бутун дунёда ҳаммага смартфон ишлатишни тақиқлаб қўйиш керак. Агар ўқитувчининг қўлида буйруқ ва табеллар бўлса, шифокорлар қўлида одамларнинг хасталиклари ҳақидаги маълумотлар бор ва бундан товламачилар фойдаланиши мумкин. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида ишлайдиганларнинг смартфонидан ёлғиз одамлар ҳақидаги маълумотларни билиб олиш мумкин. Бу рўйхатни тўхтовсиз давом эттириш мумкин, - дейди Ирина Смирнова.

Эслатиб ўтамиз, 24 мартдан Қозоғистондаги давлат идораларида видеокамерали ва Интернетга чиқиш имкони бўлган телефонлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган. Бу ҳақдаги хизмат мактуби даставвал ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, кейинроқ турли вазирликлар вакиллари бу ҳужжат ҳақиқийлигини тасдиқладилар.

Бу тақиқ давлат хизматчилари ва давлат идораларига келган ташрифчиларга тааллуқли экани ва бу чора “хизматга оид маълумотлар ташқарига чиқиб кетиши”нинг олдини олиш учун киритилаётгани айтилган. Шундан сўнг давлатнинг турли идораларида гажетларни тақиқлаш бошланган. Ўз вазифасини тиришқоқлик билан бажараётган айрим суд ходимлари эса маҳкамага киришдан олдин журналистлардан ўз смартфонлари ва планшетларини топширишни талаб қила бошлаганлар.

XS
SM
MD
LG