Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Қирғизистонда деҳқонлар нос тақиқланишига қарши норозиликка чиқди


Қирғизистоннинг Боткен вилоятида тамаки етиштириб, нос сотиб тирикчилик қиладиган 200дан ортиқ деҳқон мамлакатда нос тақиқланишига қарши норозилик билдирди. Шу кунда Қирғизистон парламентига мамлакат бўйлаб носвойнинг тайёрланиши ва сотилишини тақиқловчи қонун лойиҳаси тақдим қилинган.

Боткендаги Қиштут қишлоғидан сайланган депутат Бакитбек Муратовга кўра, тумандаги Дара ва Қиштут қишлоқлари аҳолисининг асосий тирикчилиги айнан тамакидандир:

- Буларга томорқа учун берилган ер ҳажми жуда оз бўлгани учун, бошқа экин экишга шароити йўқ буларнинг. Буларнинг асосий даромад манбаи шу қора тамакидан,- дейди депутат.

Ҳокимиятга борган деҳқонлар ушбу қонуннинг қабул қилинишига қаршилигини билдирган. Озодлик қирғиз хизмати мухбирларига кўра, маҳаллий ҳокимият расмийлари эса ҳозирча қонун лойиҳаси муҳокамада экани, қабул қилинмагани, шундай бўлса-да, бу мурожаатни расмийлаштириб парлементга йўллашини айтиб, деҳқонларни тинчлантирган.

Боткен вилоятида йилига 1 минг гектар ерга қора тамаки экилади ва деҳқонлар бир йилда 400 миллион сўмга қадар даромад олади. Қирғизистонда тамакининг сариқ ва қора турлари етиштирилади. Сариқ тамакидан сигарет, қора тамакидан эса нос тайёрлашади. Ҳозир деҳқонлар кўпроқ қора тамаки етиштирадилар.

Шу ой бошида Қирғизистон парламентидаги "Республика - Ота журт" партияси фракцияси депутати Маҳабат Мавланова мамлакатда носвойни тақиқлаш ҳақидаги ташаббус ортидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини парламентга тақдим қилган эди.

"Қирғизистон республикаси фуқароларини тамакининг зарарли оқибатларидан ҳимоя қилиш" деб номланган қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги лойиҳада мамлакатда носвойни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва сотишни тақиқлаш кўзда тутилган.

24kg сайтига интервью берган депутатга кўра, бугунги кунда таркибида никотин моддаси бўлган носнинг зарарли экани илмий жиҳатдан исботланган ва бу восита ҳам тақиқланиши лозим.

"2006 йилда қабул қилинган ва ҳозир таҳрир қилиниши кўзланган қонунда нос "тутунсиз тамаки маҳсулоти" дейилган. Айнан шу қонунда ишлаб чиқаришни легаллаштириш, тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш ва акциз солиғини солиш нормаси кўрсатилган. Лекин, Вазирлар маҳкамаси айнан носвойнинг ишлаб чиқарилиши ва сотилиши бўйича солиқ тизимини ишлаб чиққани йўқ", дейди Маҳабат Мавланова.

Айни пайтда депутат уй шароитида - гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда тайёрланадиган тамаки маҳсулотини ёшлар ва болалар ҳам истеъмол қилаётганидан жиддий хавотир билдирди.

"Айрим ҳолларда нос таркибида товуқ ва бошқа ҳайвонлар ахлати, кул, оҳак, елим, ароматизаторлар, ёғ, тамаки кукуни бўлиши мумкин. ҳайвонлар ахлати қўшилгани боис ҳам уни истеъмол қилганлар ҳар хил ичак инфекциялари ёки паразитлар билан касалланиши, гепатит вирусини юқтириши мумкин", дейди депутат.

Ҳозир Жўғўриқу Кенеш муҳокамасига киритилган қонун лойиҳасига айрим наркологларнинг нос сигаретдан кўра зарарлироқ мазмунида берган маълумотномалари ҳам тиркалган.

Қирғизистон Фанлар академиясининг Ўшдаги тиббиёт муаммолар институти эса мунтазам нос истеъмол қилган эркаклар бепушт бўлиб қолиши мумкинлигини аниқлагани хабар қилинган.

Ҳозир Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа барча республикаларида носни тақиқлаш ёки чеклаш чора-тарбирлари кўрилган. Жумладан, 2008 йилда Туркманистон президенти ўз фармони билан носни тақиқлаган, 2011 йилдан бошлаб эса Қозоғистонда нос наркотик ҳамда психотроп моддалар таркибига киритилган. Тожикистонда ҳам нос тақиқланган. Россия ҳудудида нос савдоси тақиқланган.

Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Россия сўровига асосан бу мамлакатга нос олиб киришни чеклаган ва киши бошига 250 граммлик чеклов жорий қилган эди.

“Кўрсатилган миқдордан ошган бу турдаги маҳсулот мусодара этилади ва йўқ қилинади”, дейилган эди миллий авиакомпаниянинг матбуот маркази тарқатган хабарномада.

XS
SM
MD
LG