Линклар

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин "Қрим референдуми натижаларини инкор этиш" ва "тарих саҳифаларини қайта кўриб чиқиш уринишлари"ни “экстремизм” деб эълон қилишни таклиф этди. “Коммерсант Власть” нашрида эълон қилган мақоласида бош терговчи Интернетда цензура жорий этишни ҳам таклиф этди.

Россия Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин ўз таъбири билан АҚШ ва иттифоқчилари томонидан Россияга қарши “эълон қилинган гибрид уруши”га “кескин, адекват ва мутаносиб жавоб қайтаришга” чақирди.

Бу ҳақда у “Коммерсант Власть” нашрида 18 апрель куни эълон қилган мақоласида гапирди.

- 2015 йилда Россияда экстремистик ва террорчилик йўналишидаги жиноятлар сонининг ўсиши кузатилди. Хусусан, 1329-та экстремистик кайфиятидаги жиноятлар содир этилдики, бу 2014 йилга нисбатан 28,5 фоизга кўпроқдир. Экстремистик фаолият юритган ташкилотни тузиш билан боғлиқ 42 жиноят қайдга олинди (ўсиш 2,4%). Шунингдек, террорчилик руҳида содир этилган жиноятлар сони Россия Федерацияси ҳудудида 36,3 фоизга ўсиб, 1538га етди, деб ёзди Бастрикин.

Унинг фикрича, Ғарбнинг “гибрид уруши” сиёсий, иқтисодий, ахборот ва ҳуқуқий соҳаларда олиб борилмоқда ҳамда санкцияларнинг жорий этилиши рублнинг девальвациясига олиб келган. Бироқ Бастрикин Россия учун энг хатарлиси “ахборот уруши” эканини таъкидлади. Бу урушнинг “инструментлари” - халқаро ҳуқуқ ва унга асосланган адлиядир, дея таъкидлади у.

Тергов қўмитаси бошлиғи шунингдек “тарихий фактларга оид маълумотларни қалбакилаштирилгани”ни қоралаб, Россиянинг 2014 йилда Қримни аннексия қилганига доир ҳар қандай танқидни қонун билан жазолашга чақирди.

- Экстремизмга қарши кураш мақсадида қуйидаги чоралар таклиф этилади. Давлатнинг мафкуравий сиёсати концепциясини яратиш ўта муҳимдир. Унинг негизи этиб бутун кўпмиллатли рус халқини бирлаштирувчи “миллий ғоя” бўлиши мумкин. Ёшларни қуролли экстремизмга қарши кураш дастурига фаол жалб қилиш лозим. Назорат ва бошқарувчи идоралар кучлари ёрдамида барча диний, миллий-маданий ва ёшлар ташкилотларини федерал қонунчиликка мослиги юзасидан оммавий тафтишдан ўтказиш зарур, маълум қилди Александр Бастрикин.

Мутассадди Хитойдаги каби, интернет провайдерлар учун ягона қоидалар ишлаб чиқишни, Интернетга кириш мумкин бўлган “жамоатчилик жойларида” экстремистик материалларга тўсиқ қўювчи фильтрлар ўрнатишни таклиф этди.

Шунингдек, у хориж резидентлари бўлган электрон ОАВлар тўлалигича ёпилиши кераклигини билдирди.

Бастрикин юқорида зикр этилган таклифлар асосида аллақачон федерал қонунларга ўзгартишлар ишлаб чиқилганлигини маълум қилди.

Қизиғи, ўтган йил августида ВЦИОМ ижтимоий маркази ўтказган сўровга кўра, 49 фоиз россиялик Интернет цензура қилиниши тарафдори эканини билдирган. Сўровда иштирок этган русларнинг 58 фоизи эса мамлакатда сиёсий вазият оғирлашиши жараёнида Интернетнинг мутлақо ўчирилишига тайёр эканини қайд этди.

Айни пайтда, россиялик респондентларнинг 11 фоизигина Интернет қўшимча назоратга муҳтож эмаслиги тўғрисида фикр билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG