Линклар

Путин танқид қилган Қодиров ўзини оқлашга уринди


Рамзан Қодиров Владимир Путинга танқидий фикрлари учун миннатдор эканини билдирди

Рамзан Қодиров Владимир Путинга танқидий фикрлари учун миннатдор эканини билдирди

Владимир Путин россияликлар билан жонли мулоқоти давомида Россиянинг айрим минтақалари раҳбарлари “мухолифатчилар орасида халқ душманларини излаётганини” айтиб, уларни танқид қилганидан кейин Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ўзини оқлашга уринди.

Қодиров ўз Instagram саҳифасида баъзан ҳиссиётга берилишини, лекинг “Россиянинг ашаддий душманларига қарши кундалик курашда” ўзини қурбон қилаётганини ёзди.

Январь ойида Қодиров Россиянинг собиқ бош вазири ва ҳозирда мухолифат лидери бўлган Михаил Касьянов мерган милтиғи мўлжалида тасвирланган видеони Instagram саҳифасида эълон қилган эди.

Путин танқиди ортидан Рамзан Қодиров бу видеони “ҳазил” деб атади. Қодиров мухолифатчиларни “сотқин” ва “халқ душмани” деб атайди ва уларга таҳдид қилиб келади.

“Мен ўзимнинг дипломатик таълимимни Россиянинг ашаддий душманларига қарши кундалик курашда олганман. Бу кураш давомида энг яқин ва қадрдон қариндош, дўсту биродарларимни йўқотганман. Фикримни изҳор қилаётиб, баъзан ҳиссиётга берилишимнинг сабаби ҳам шудир”, деб ёзди Қодиров.

Қодировнинг отаси Аҳмад Қодиров ҳам 2004 йилда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлгунига қадар Москва қўллови билан Чеченистонга етакчилик қилган.

Мерган нишонига олинган Касьянов тасвирланган видео ҳақида Қодиров “Бу ҳазил, образли ифода эди. Унда ҳеч кимга қарши ҳеч қандай таҳдид йўқ эди, бўлиши ҳам мумкин эмас эди,” деб ёзди.

Қодиров Путинга танқидий фикрлари учун раҳмат айтди ва “Россия ҳамда буюк мамлакатимиз манфаатлари учун” курашишда давом этишга сўз берди.

14 апрель куни бўлиб ўтган жонли мулоқот давомида Путин “Умид қиламанки, Чеченистон етакчилари ҳам, Россиядаги бошқа минтақалар етакчилари ҳам ўз республикалари ва бутун Россия халқи олдидаги масъулиятларини англаб етадилар. Уларнинг ўз рақибларига қаратилган бундай баёнотлари мамлакатимизда барқарорликка олиб келмайди. Аксинча, барқарорликка путур етказади”, деди.

Россия президенти Қодировни Москвага содиқлигини мақтаб ҳам ўтди. Путин Қодиров бошида чечен айирмачилари билан бирга “бизга қарши ўрмонда жанг қилганини” унутмаслигимиз керак, деди.

Кўпчилик Чеченистонда инсон ҳуқуқларининг жиддий тарзда бузилиши, жумладан, одам ўғирлашлар, бедарак йўқолишлар, қийноқлар ва сиёсий рақибларнинг ўлдирилишида Қодировннг қўли борлигини айтиб келади.

Қодировга алоқадор одамлар 2015 йил февралида муҳолифатчи Борис Немцовни ўлдирганликда айбланиб, жавобгарликка тортилди. Қодиров бу ишда қўли борлигини рад этcа ҳам, айбланувчиларнинг бири Заур Дадаевни “чинакам ватанпарвар”, дея мақтаган эди.

Қодиров ихтиёрида тиш-тирноғигача қуролланган 30 минг аскардан ибирот армияси бор.

XS
SM
MD
LG