Линклар

logo-print

Афғонистон пойтахти Кобулда толибларнинг хавфсизлик хизмати биносига уюштирган ҳужуми оқибатида камида 28 одам ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ одам яраланди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқийнинг билдиришича, 19 апрель куни Толибон жангариси бўлган худкуш портловчи модда юкланган юк машинасини портлатиб юборган. Бунинг ортидан толиблар ҳужумга ўтиб, хавфсизлик хизмати биносини эгаллашга ҳаракат қилган.

Кобул полицияси етакчиси Абдул Раҳмон Раҳимий ҳалок бўлгани тасдиқланган 28 шахснинг аксари оддий фуқаро бўлганини айтди.

Раҳимийга кўра, портловчи модда юкланган юк машинаси ҳукумат ишчиларини қўриқловчи хавфсизлик агентлиги биносининг яқинидаги автомобиллар турадиган жойда портлатилган.

Портлаш ортидан камида бир жангари хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган.

Ўлганлар орасида оддий фуқаролар ҳам, Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам бор.

Биринчи ҳужумдан кейин бир неча соат ўтиб иккинчи бомба портлатилган. Иккинчи ҳужумда ҳеч ким жиддий ҳароҳат олмаган.

Полиция қўмондони Убайдуллоҳ Таракхайл бундай кучли портлашни аввал эшитмаганини айтди.

Таракхайл дастлабки портлашдан кейин 20 дақиқа давомида ҳеч нима кўра ёки эшита олмаганини айтди. “Ҳаммаёқ қоронғулашиб, қуюқ тутун ва чангга тўлди”, деди у.

Портлаш яна ҳудудда жойлашган бир неча уй, дўкон ва ҳукумат биносига зарар етказган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳужумни кескин қоралаб, “бу душманнинг Афғонистон хавфсизлик кучлари билан юзма-юз жангда мағлуб бўлганини кўрсатади”, деди.

Сиддиқий: “Толибларнинг машина ёрдамида амалга оширган худкуш ҳужуми уларнинг мағлуб бўлганидан дарак беради”, деди.

Сиддиқий толиблар кейинги пайтда Қундуз, Тахор, Бадахшон, Жўзгон вилоятларида Афғонистон хавфсизлик кучлари билан жангларда мағлуб бўлганини айтди.

“Толиблар сўнгги 24 соат ичида жуда кўп киши йўқотишди. Энди эса Кобулда худкуш ҳужумини уюштиришди. Бу мағлубият белгисидир”, деди у.

Халқаро ҳамжамият толиблар томонидан уюштирилган ҳужумни кескин қораламоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби: “Қўшма Штатлар бугун Кобулда амалга оширилган ҳужумни кескин қоралайди”, деди.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун ҳам ҳужумни қоралаб, “оддий фуқароларга ҳамда хавфсизлик кучлари ходимларига ҳужум қилишни ҳечам оқлаб бўлмайди”, деди.

XS
SM
MD
LG