Линклар

Россиянинг “Лукойл” нефть ширкати Ўзбекистонда Қандим газни қайта ишлаш комплекси қурилишини бошлади. Бўлажак газ комплексининг тамал тошини қўйиш тантанаси 19 апрель куни бош вазир Шавкат Мирзиёев, “Лукойл” президенти Вагит Алекперов ва маҳаллий ҳокимият раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди.

Қандим газни қайта ишлаш комплекси йилига 8 миллиард 100 миллион кубометр газни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

2015 йилнинг февралида “Лукойл” ва Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering консорциуми Қандим газни қайта ишлаш комплексини қуриш ва ишлаб чиқариш ускуналари билан таъминлаш бўйича 2 миллард 662 миллион долларлик шартномани имзолаган эди.

Қандим комплекси 2018 йилда ишга туширилиши режаланмоқда. “Лукойл” президенти Вагит Алекперов Қандим газ кони ҳақида Россия матбуотига берган интервьюсида комплекс белгиланган вақтдан кечикмай ишга туширилишини билдирган эди.

-Ўзбекистон президентининг Қандимни 2018 йилда фойдаланишга топшириш ҳақидаги қарори биз учун катта масъулиятдир, -деган эди Вагит Алекперов.

Қандим газни қайта ишлаш комплекси лойиҳасига ётқизиладиган дастлабки сармоя миқдори 3 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилади.

“Лукойл” нефть ширкати президенти Вагит Алекперовнинг билдиришича, Қандим комплексининг ишга туширилиши ортидан Россия ширкатининг ҳам даромадлари бир неча баробарга кўпаяди.

- Бугунги кунда ширкат Ўзбекистон ҳудудида 4 миллиард кубометрдан ортиқ газ қазиб олмоқда.2018 йилга бориб биз 16 миллиард кубометр атрофида газ қазиб оламиз. Бу жуда катта кўрсаткич. Бизнинг Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз бу газнинг асосий қисмини Хитойга сотмоқда, -деган Вагит Алекперов Россия матбуотига берган интервьюсида.

“Лукойл” Қандим газ конини ўзлаштириш ишларини “Ўзбекнефтегаз” билан ҳамкорликда 2004 йилда бошлаган эди. Ўтган йилнинг ноябрида“Лукойл” Ўзбекистонга Қўнғирот блокида геологоразведка ишларини олиб бориш учун берилган лицензияни қайтариб берган. Қўнғиротда аниқланган углеводородлар заҳираси оз ва бу ерда ишлаб чиқариш норентабелли бўлгани учун “Лукойл” мана шундай қарор қабул қилган.

Шундан сўнг “Лукойл” ширкати Россияда юзага келган иқтисодий инқироз ортидан хориж мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга ётқизадиган сармоялар миқдорини 24 фоизга қисқартиришини билдирган эди. Бироқ ширкат раҳбари Вагит Алекперов 2015 йил ноябрининг биринчи ўн кунлигида президент Ислом Каримов билан учрашаган ва Қандим лойиҳаси иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан амалга оширилишини айтган эди.

“Лукойл” ширкатига қарашли “Лукойл фильм” хатто “Қандим. Газ учун жанг” деб номланган 16 дақиқали юмористик фильмни ҳам ишлаб чиққан.

Интернет тармоқларига жойлаштирилган фильмда ўзга сайёраликлар газга бой Қандим ҳудудини эгаллаб олишга ҳаракат қилиши, бироқ “Лукойл” ширкатининг қатъий, шижоатли мутахасислари томонидан ишлаб чиқилган режа асосида ўзга сайёраликлар босқини йўқ қилингани кўрсатилган.

Бугунги кунда "ЛУКОЙЛ" Ҳавзак, Шоди ва Қандим газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ширкатнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган сармояларининг умумий миқдори 5 миллиард доллардан ошган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG