Линклар

logo-print

Туркия президентини ҳақоратлаган олмон қизиқчиси вақтинча ишини тўхтатди


Германиялик қизиқчи Ян Бемерманн.

Германиялик қизиқчи Ян Бемерманн.

Туркия президентини ҳақоратлашда айбланаётган олмон қизиқчиси Ян Бемерманн жиноий жавобгарликка тортилиши кутилаётгани учун тўрт ҳафталик таътилга чиқишини эълон қилди.

Қизиқчи 16 апрель куни Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида “телевидениедан озгина дам олиши” ҳақида ёзди.

ZDF давлат телеканали Бемерманн олиб борадиган Neo Magazin Royale кўрсатуви 12 майгача эфирга узатилишини маълум қилди. Канал расмийлари Бемерманнинг таътилга чиқиш ҳақидаги қарорини ҳурмат қилишларини билдиришди.

15 апрель куни Германия канцлери Ангела Меркель Туркиянинг Бемерманнга қарши жиноий иш қўзғашга чақириб юборган илтимосини қабул қилганини билдирди. Қизиқчи ўз теледастури давомида Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ҳақоратловчи шеърни ўқиб эшиттирган эди.

Туркия Бемерманн бошқа давлат етакчисини ҳақоратлагани учун жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда. Германия қонунларига кўра, Меркель маъмурияти бу илтимосни бажаришга мажбурдир.

Меркель ҳукумат жиноий иш очишга ўз рухсатини берганини, лекин қандай ҳукм чиқариш судьяларнинг қўлида эканини билдирди.

Меркелнинг айтишича, мамлакат Жиноят кодексининг бошқа давлат идоралари ёки вакилларини ҳақорат қилиш ҳақидаги 103-моддаси 2018 йилгача бекор қилинади. Бу модда камдан-кам ҳолларда қўлланилади.

Бемерманн Туркия эътирозига сабаб бўлган шеърни икки ҳафта олдин ZDF телеканалида ўқиб эшиттирган эди. Қизиқчи шеър Германияда ман қилинишини айтиб, уни аввалроқ бошқа телеканалда эфирга узатилган, Эрдўғонни масхаралаб, Туркия ғазабини келтирган сатирик қўшиққа қиёслади. Қизиқчи ўқиган шеърда Эрдўғон “профессионал аҳмоқ” дея таърифланади. Бундан ташқари, унда Туркия президентининг ҳайвонлар билан жинсий алоқа қилиши айтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG