Линклар

logo-print

Бектемирда канализация сассиғидан аҳоли орасида касаллик кўпаймоқда


Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги канализация чиқиндиларини тозалаш корхонасидан чиқаётган сассиқ газлар аҳоли орасида турли хил касалликлар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли номидан Озодликка келган шикоятга кўра, ҳар куни эрталаб ва кечқурунлари корхонадан чиққан бадбўй ҳид боис нафас олиш жуда қийинлашмоқда. Аҳолининг бу арзидан мутасадди ташкилотлар хабари бор, бироқ чиқиндилар ҳидини ўлдириш учун ишлатиладиган бижитқининг етишмаслиги боис муаммо бартараф қилинмасдан қолаяпти.

Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани Олтинтопган маҳалласи ҳудудида жойлашган канализация чиқиндиларини тозалаш корхонасидан чиқаётган сассиқ ҳиддан нафақат Бектемир аҳолиси, балки Чирчиқ дарёсининг нариги қирғоғида жойлашган Миробод ва Сирғали туманларининг аҳолиси ҳам азият чекмоқда.

Олтинтопган маҳалласи аҳолиси номидан Озодликка келган мактубга кўра, канализация чиқиндиларини тозалаш корхонаси ҳидидан айниқса, ёш болалар ва қариялар қийналмоқда:

“Корхонадан ҳар куни икки маҳал: эрталаб ва кечқурин ҳид тарқалади. Эрталаб нонушта пайти чиқади. Кейин кечқурин ужин пайти чиқади. Кечқурин соат 5 дан 8 гача. Баъзида соат 10-11гача чўзилиб кетади. Баъзида ҳид шунақа даражада сассиқ бўладики, умуман чидаб бўлмайди. Уйларимизни ичи ҳидга тўлиб кетади. Нафас олиб бўлмайди. Қариялар ва болаларга қийин бўлаяпти. Ҳид чиққан пайти қарияларнинг қон босими кўтарилиб кетаяпти. Болаларда эса аллергик касалликлар кўпаяпти. Баъзида ёш болаларни ҳид чиққан пайти йўтал тутиб қолади. Кўпчиликда бош оғриғи пайдо бўлган”, дейилади олтинтопганликлар мактубида.

Олтинтопган маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, чиқиндиларни тозалаш корхонасидан чиқаётган ҳиддан норозилик билдириб, турли ташкилотларга шикоят қилинган, бироқ бундан бирор натижа бўлмаган:

“Бу корхонадан чиқаётган ҳид кейинги бир йил ичида жуда кучайиб кетди. Ҳамма жойга ёзилди, ҳеч фойдаси бўлмади. Ҳид дарёнинг нариги ёғидаги ҳудудларга ҳам етиб бораяпти. Ўша жойда жойлашган Сирғали ва Миробод тумани аҳолиси ҳам ҳиддан норози бўлиб кўп ёзишди. Ўтган йили президент сайлови бўлган пайти, сайловдан олдин бир ҳафта, сайловдан кейин 10 кун умуман ҳид чиқмади. Демак, қанақадир йўли бор экан. Лекин бизнинг шикоятларимизни ҳеч ким инобатга олмаяпти”, дейди Олтинтопган маҳалласида яшовчи эркак.

Бектемирдаги канализация чиқиндиларини тозалаш корхонаси мутахасисларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда муаммони тан олиб, унинг сабабини шундай изоҳлади:

“Канализация чиқиндилари тўпланадиган отстойник билан боғлиқ муаммо дрожжи яъни биз бижитқи деймиз, шу билан боғлиқ. Кейинги пайтда туманда ишлаб чиқариш корхоналари кўпайиб кетди. Кока-кола, Спирт заводи, тери ишлаб чиқариш цехи, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари бор. Тошкент марказидаги кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари жумладан, Тошкент- вино ҳам бизнинг туманга кўчирилди. Улардан чиққан чиқиндилар ҳаммаси канализация орқали шу ерга тўпланади. Лекин улардан чиқаётган токсик моддалар бижитқиларни ўлдириб ташлаяпти. Бижитқилар етмаяпти. Шу бижитқилар чиқиндилар ҳидини ўлдиришга хизмат қилади. Лекин чиқинди кўп бўлгани боис, бижитқи-микроблар ҳидларни ўлдира оламяпти”, дея изоҳлади корхона мутахассиси.

Бектемир туман санитария эпидемиология назорат марказидан олинган маълумотга кўра, марказнинг ушбу муаммодан хабари бор, бироқ рухсат берилмагани боис уни текшриш ишлари бошланмаяпти:

- Бу шикоятлар прокуратурагача етиб борган. Тозалаш иншоотини биз ўзимиздан ўзимиз текшира олмаймиз. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашга буюртма берганмиз. Ҳозир ўша ҳужжат тайёрланаяпти. Кейин биз бориб, ўша тозалаш иншоотини қайтадан текшириб,назоратга оламиз.

Озодлик: Қачон оласиз назоратга?

- Ҳозир назорат қилувчи органларни мувофиқлаштирувчи республика кенгашидан бизга текшириш учун асос берадиган ҳужжат беради-да. Шуғулланишаяпти. Бектемир тумани прокурорининг ҳам, Тошкент шаҳар прокуратурасининг ҳам хабари бор. Бизга кенгашнинг рухсати керак, режадан ташқари қисқа муддатли текширув беради. Кейин ўзимиз бориб, қаерда камчиликлар бўлса, ўрганиб, уларни бартараф қиламиз, бу муаммо ҳал бўлади,- деди Бектемир туман санитария эпидемиология назорат маркази махсус мутахассиси.

Бироқ мутахасис текшириш учун қачон рухсат берилиши ва муаммо бартараф этилиш санаси ва муддатини аниқ айтиб бера олмади.

XS
SM
MD
LG