Линклар

АҚШ суди хусусий шахслар ва молиявий муассасалар ҳисобидан йирик миқдорда маблағ ўмариш учун ишлатилган компьютер дастурларини яратгани учун Россия фуқароси Александр Панинни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Айблов хулосасига кўра, 27 ёшли Панин томонидан яратилган SpyEye вируси бутун дунё бўйлаб 50 миллиондан зиёд компьютерга юқтирилган. У банк ва брокерлик ҳисоб рақамлари ва уларнинг паролларига оид маълумотларни йиғиб, хакерлар ишлатган серверларга йўллаган, хакерлар эса жабрланувчилар ҳисобларидан миллиард долларга яқин маблағ ўмаришган. Бу вирус 2010 йилдан 2012 йилгача хакерлар орасида энг кенг тарқалган қурол бўлган. Александр Панин ўз дастурини Интернетда 500 долларда 10 минг долларгача сотган. Тергов маълумотга кўра, унинг 150 чоғли мижози бўлган.

2013 йил июлида Атланта аэропортида ҳибсга олинган Панин тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлгани учун юмшоқроқ жазо олган. Унинг шериги, вирус ташиган дастурни сотиш ва банк ҳисоб рақамларини бузиш билан шуғулланган жазоирлик Ҳамза Бенделаж эса 15 йилга кесилди.

Ҳеч нарсадан хабари йўқ жабрланувчиларга тегишли 200 га яқин компьтер Атлантадаги бир сервер томонидан назорат қилинаётганини аниқлаганидан кейин Федерал қидирув бюроси хакерларнинг изига тушган. Уларнинг ҳақиқий исми хакерларга қарши кураш билан шуғулланувчи Америка компьютер фирмалари мутахассислари ёрдамида аниқланган.

XS
SM
MD
LG