Линклар

logo-print

Обама: АҚШ ва Форс кўрфази давлатлари ИДга қарши курашни давом эттиради


Ар Риёд. Барак Обама Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида.

Ар Риёд. Барак Обама Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида.

Президент Барак Обама Қўшма Штатлар ва унинг Форс кўрфазидаги иттифоқчилари “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашни давом эттиришини ҳамда минтақадаги конфликтларни ҳамкорликда мувофиқлаштиришини билдирди.

Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёдда пайшанба куни якунланган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида сўзлаган Обама, “Исломий давлат”га қарши курашда муайян ютуқларга эришилганини, Ироқ ва Сурияда бир қатор ҳудудлар жанггарилардан тозаланганини алоҳида таъкидлади.

АҚШ президенти Форс кўрфази давлатлари Сурия ва Ироққа гуманитар ёрдам миқдорини кўпайтиришга рози бўлганини эслатиб ўтди.

Эрон масаласига тўхталар экан, Обама ўз давлати Теҳрон билан яхши муносабат ўрнатиш тарафдори эканини, бирорта давлат Эрон билан зиддиятга киришишдан манфаатдор эмаслигини айтди.

Форс кўрфазидаги асосан сунийлар яшайдиган давлатлар Эронни ўз ички ишларига аралашаётганликда айблаб келадилар.

Саммитда АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер, Давлат котиби Жон Керри, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Сюзан Райс иштирок этди.

Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига Саудия Арабистони, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт, Қатар ва Уммон аъзо давлат ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG