Линклар

“Халқ банки”даги найранглар, “йиғ-йиғ”га муккасидан кетган директор


“Халқ банки” тизимида найранглар фош қилинди. Ўқитувчи ва ўқувчиларга солиқ солган коллеж директори жиноий жавобгарликка тортилди. Мурод Ражабовнинг вафоти ҳақида миш-миш тарқатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Халқ банки” тизимида найранглар фош қилинди

“Халқ банки”нинг Фарғона вилояти Қўштепа тумани филиали бошқарувчиси жиноий гуруҳ тузиб, қалбаки ҳужжатлар асосида кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланди (“Бозор ва истеъмолчи”, 16 апрель). Жиноят содир этишда филиалнинг бош мутахассиси, бош ҳисобчиси ҳамда бошқа ходимлари ҳам иштирок этган. Кредит ўзлаштиришдан ташқари, банкирлар нафақа пуллари тўлиқ тарқатилгани ҳақида сохта ҳисоботлар ёзиб, пенсионерларнинг жуда катта миқдордаги маблағларини ҳам талон-тарож қилган. Жиноий гуруҳ яна бир қатор ноқонуний ҳаракатларда айбланган. Турли найранглар билан жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирган банкирларнинг исм-шарифи ҳамда жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Қонунбузарларга тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Пахта мавсумида ўқитувчи ва ўқувчиларга солиқ солган коллеж директори жиноий жавобгарликка тортилди

Тошкент вилояти Паркент туманидаги касб-ҳунар коллежи директори ноқонуний равишда пул йиғиб келгани учун жиноий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 21 апрель). Исми ошкор этилмаган директор бир неча йил давомида коллеж ўқувчи ва ўқитувчиларидан турли баҳоналар билан пул йиғиб келган. Хусусан, кузда, йиғим-терим мавсумида ўқитувчиларга иш ҳақидан келиб чиқиб 100 мингдан 600 минг сўмгача “солиқ” солади. Бундан ўқувчилар ҳам четда қолмайди. Директорга топган пул, топмаган гўшт, картошка, пиёз олиб келиб беради. Шу тариқа директор терим мавсумида 48 миллион сўмдан ошиқ маблағ йиғиб, ўз эҳтиёжига сарфлайди. Бундан ташқари, коллеж раҳбари металл чиқиндилар топшириш, бинони таъмирлаш каби баҳоналар билан ҳам “солиқ” солган. Қайд этилишича, “йиғ-йиғ”ларга муккасидан кетган директор қилмишига яраша жазоланган.

Мол гўштини Сурхондарёдан, қўй гўштини Бухородан олган маъқул

Гўшт нархи Ўзбекистон бўйича Тошкентда юқорироқ. Давлат рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, пойтахтда мол гўшти 20 мингдан 26 минг сўмгача, қўй гўшти эса 21 мингдан 28 минг сўмгача сотилмоқда (“Истеъмолчи”, 20 апрель). Вилоятлар бўйича Сурхондарё (мол гўшти – 18500 дан 19500 сўмгача, қўй гўшти – 20 мингдан 22 минг сўмгача) ва Бухорода (мол гўшти – 19 мингдан 21 минг сўмгача, қўй гўшти – 18500 дан 21 минг сўмгача) гўшт нисбатан арзонроқ. Газетада бошқа асосий истеъмол товарлари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ўртача нархи тўғрисида ҳам маълумот берилган.

Режиссёр Рустам Саъдиев: Кинода ишлаб бойишни ўйлаш - кулгили

Режиссёр Рустам Саъдиев кинофильмларнинг профессионаллик даражасини белгилайдиган мезонлар ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди (“Оила даврасида”, 21 апрель). Режиссёрга кўра, бу борада на ҳужжат бор, на назария. Мутахассислар ўзидан келиб чиқиб фильмларга баҳо бераверади. “Энг асосийси, дуч келган одамнинг кинофильм олишига, ўзбек киносини топташига йўл қўймаслик керак. Мана, кўчадан келган ҳар қандай одам тўғри шифохонага кириб, беморни операция қилиб кетмайди-ку!” деган Р. Саъдиев. Режиссёр кинодан пул ишлаш масаласига ҳам тўхталиб, шундай деган: “Бизда ҳали кинофильм саноати замон даражасида тараққий этгани йўқ. Шунинг учун бугун кинода ишлаб бойишни ўйлаш – кулгили. Албатта, насибага яраша ризқ топамиз”.

Ҳуқуқшунос: Маҳбуслар ҳам пенсия олишга ҳақли

“Жазони ижро этиш муассасаларида суд тайинлаган жазони ўтаётган пенсия ёшидаги маҳбусларга ҳам пенсия тўланадими?” деган савол билан мурожаат этган қашқадарёлик М. Сатторов (“Ҳуқуқ оламида”, 21 апрель). Ҳуқуқшунос Ш. Бекмирзаевга кўра, жазо ўтаётган маҳбуслар ижтимоий таъминот, жумладан, пенсия олишга ҳуқуқига эга. Ички ишлар вазири тасдиқлаган жазони ижро этиш муассасалари ички қоидаларида ушбу тартиб кўзда тутилган.

Мурод Ражабовнинг вафоти ҳақидаги хабарларга кўпчилик ишонаёзди

Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов вафот этгани ҳақидаги нохуш хабар тарқалди (“Даракчи”, 21 апрель). “Сўнгги вақтларда санъатимиз кетма-кет оғир жудоликка учраётгани боис мухлислар бу хабарга ишонаёзганди”, деб ёзади шоу-бизнес нашри. Кейинроқ мишмишларни актёрнинг ўзи рад этган. Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Клара Жалилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов ва актёр Алишер Узоқов ҳақида ҳам ана шундай ёлғон хабар тарқатилган.

XS
SM
MD
LG