Линклар

logo-print

БМТ қўмитаси "Азимжон Асқаров озод қилиниши лозим" деган қарорга келди


Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари қирғиз расмийларини умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни тез орада озод қилиб, унга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини бекор қилишга чақирди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Қирғизистон сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар конвенциясини имзолагани сабабли мазкур чақириқни қарор сифатида бажаришга мажбур эканини айтмоқдалар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2010 йилги Ўш воқеаларида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг арзини шу йилнинг 31 март куни Женевада кўриб чиққан ва қарор қабул қилган. Қўмита бу борадаги қарорини 21 апрель куни очиқлади.

БМТнинг 18 нафар мустақил экспертдан иборат қўмитаси Қирғизистон Асқаровга нисбатан ҳаракатларида ўзи имзолаган фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бир неча шартини бузганини аниқлаган.

Қўмита матбуот хизмати вакили Лиз Тросселга кўра, Асқаровнинг озодликка чиқиши учун асослар қуйидагилардир:

- БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистонда қамоқда сақланаётган сиёсий фаол ва журналист Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди. Чунки у ноқонуний қўлга олиниб, ҳибсхонада чидаб бўлмас шароитда тутилгани, қийноқ ва аёвсиз муомалага дучор бўлгани учун маҳкамада ўзини ҳимоя қилишга унда етарли ҳозирлик кўра олиш имкони бўлмаган, - дейди Лиз Троссел.

БМТ баёнотида Асқаров Бозорқўрғонда 10 йил мобайнида милиция ва прокуратура томонидан инсон ҳуқуқлари поймол қилинганини исботлаб келгани ҳам айтилади.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 15 июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низога алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган. У миллатлараро низо қўзғаганлик ҳамда тартибсизлик чоғида милиция зобитини ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси судланувчининг арзини кўриб чиқиб, унга нисбатан айблов далиллари ноқонуний йиғилган, деган хулосага келган. Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова Бишкек БМТ қўмитаси тавсиясини эътиборга олишга мажбур, деган фикрда.

- Бу оддий чақириқ ёки тавсия эмас. БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу бўйича 17 варақдан иборат қарор қабул қилди. Қўмитага индивидуал шикоят юборилган. Бу борада тегишли ҳужжатларнинг барчаси ўрганиб чиқилиб, шу асосда қарор чиқарилган. Бу қарор тавсия ўлароқ тақдим этилгани билан у мажбурий равишда бажарилиши керак. Қирғизистон ўзи имзолаган конвенция бўйича мажбуриятини бажаришдан бош тортиб, Асқаровни қамоқдан озод қилмаса, ёши 65 га чиқиб, соғлиғи ёмон бўлиб турган бир пайтда у билан бирор фожеа юз бергудек бўлса, “Қарор мавжудлигига қарамай, Қирғизистон ҳуқуқ фаолини ўлимгача олиб бориб, мажбуриятини бажармади” деган қора доғ тушади, - дейди Азиза Абдурасулова.

Эндиликда, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров иши юзасидан ўз қарорини Қирғизистон Бош прокуратураси ва Олий судига юборади.

Бу орада Қирғизистон Бош прокуратураси мулозими Нурлан Тағаев қўмита хулосаси ҳали уларга келмаганини, келганидан сўнггина унга расмий жавоб қайтарилишини билдирди:

- Охирги марта бу ишга Олий суд нуқта қўйган эмасми... Олий суд қарори янги ҳолатлар юзага чиқмаса, қайта кўриб чиқилмайди. Шундай вазият бўлса, у ҳолда уни ўша суднинг ўзигина кўриб чиқади. Агар БМТ қарори бизга келиб тушса, унда келтирилган важларни албатта кўриб чиқамиз. Шунга яраша расмий жавоб бўлади. Ҳозирча мазкур қарор бизга келгани йўқ, - дейди Нурлан Тағаев.

БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга тиркалган Биринчи факультатив баённома доирасида қараб чиққан. Бу ҳужжат қўмитага индивидуал шикоятларни қараб чиқиш учун хос ваколат беради. Қирғизистон мазкур халқаро конвенцияни имзолаш орқали унинг қарорларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган.

БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси халқаро битимларнинг давлатлар томонидан бажарилишини ҳам назорат қилади.

XS
SM
MD
LG