Линклар

АҚШ Кремлни Қрим-татарлар мажлисига қарши тақиқни бекор қилишга чақирди


АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби

АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби

Қўшма Штатлар Россияни Қрим- татарлар мажлисини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритиш ҳақидаги қарорини бекор қилишга чақирди.

Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби баёнотида айтилади.

Баёнотда Қрим- татарлар мажлиси ушбу халқ вакилларини камситишдан сақлаш, улар маданиятини асраш учун муҳимлиги таъкидланиб, унинг тақиқланиши демократия тамойилларига зид эканлиги айтилган.

Шунингдек, Кирби Россияни Қрим бўйича назоратни Украинага қайтаришга чақириб, яриморол оккупацияси давом этар экан, Россияга нисбатан санкциялар сақланиб қолишидан огоҳлантирган.

18 апрель куни Россия Адлия вазирлиги Қрим татарлар мажлисини экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшиб, унинг фаолиятини тақиқлаб қўйди.

Украина ҳукумати томонидан 1999 йили жамоатчилик ташкилоти ўлароқ рўйхатга олинган Қрим-татарлар мажлиси яриморолнинг Россияга куч билан қўшиб олинишига қарши чиқиб келади.

Саноғи 2,5 миллион кишига етадиган татарлар Қрим аҳолисининг 12 фоизини ташкил этади. Уларнинг кўпи 2014 йил мартида яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин Қримни тарк этган.

Яриморолда қолган татарлар эса Москва дастаклаётган расмийлар томонидан турли босим ва тазйиқларга учраётганидан шикоят қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG