Линклар

Обама: “Исломий давлат”га қарши янада қаттиқроқ курашиш керак


АҚШ президенти Барак Обама Лондонга қилган ташрифи якунида ғарб мамлакатларини “Исломий давлат” жангари гуруҳига тазйиқ ўтказишда давом этишга чақирди. 24 апрель куни президент “Исломий давлат” эгаллаб олган ҳудудни аста-секинлик билан кичрайтириб, жангариларни Ироқнинг Мосул шаҳридан ҳамда Суриянинг Раққа шаҳридан сиқиб чиқариш мумкинлигига ишонишини айтди.

АҚШ Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат”га қарши ҳаво ҳужумларини амалга ошираётган халқаро коалицияга етакчилик қилиб келади.

Обама АҚШ, Буюк Британия ёки исталган ғарб мамлакати ўз қуруқлик кучларини Башар ал-Ассад режимини ағдариш учун Сурияга юборса, хато қилишини айтди.

Президент бунинг ўрнига ғарб мамлакатлари Сурияда сиёсий ўзгаришларга эришиш учун бошқа ўйинчиларга, жумладан, Эрон ва Россияга босим ўтказиши кераклигини таъкидлади.

Обама Британияда Европа Иттифоқида қолиш ёки қолмаслик масаласини ҳал қилиш учун июнь ойига белгиланган референдум ҳақида ҳам сўзлади.

Би-Би-Си билан суҳбатда Обама Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетса, Лондон иттифоқ Вашингтон билан имзолашни режалаштираётган савдо келишувидан қуруқ қолишини айтди.

“Буюк Британия АҚШ билан бирор масала бўйича Европа Иттифоқидан тезроқ келишувга эриша олмайди”, деди президент.

Обама яна агар Британия иттифоқни тарк этадиган бўлса, мамлакатнинг “Европадаги таъсири, бунинг ортидан бутун дунёдаги таъсири озайишини” айтди.

Куннинг иккинчи ярмида АҚШ президенти Германиянинг Ганновер шаҳрида мамлакат канцлери Ангела Меркель билан учрашади.

25 апрель куни Обама Меркель билан бизнес кўргазмада иштирок этиши режалаштирилган. Бунинг ортидан икки лидер Франция, Италия ҳамда Британия етакчилари билан саммитда қатнашади.

Саммит давомида терроризмга қарши курашга алоҳида эътибор берилиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, давлат етакчилари Исломий давлатга қарши кураш, Европадаги муҳожир бўҳрони ҳамда Ливия масалаларини кўриб чиқишади.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG