Линклар

Қозоғистонда ажнабийларга “ер сотилиши”га қарши намойишлар ўтказилмоқда


Атираудаги митинг иштирокчилари, 2016 йил 24 апрели.

Атираудаги митинг иштирокчилари, 2016 йил 24 апрели.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида 24 апрель куни Ер кодексига киритилган ўзгартишларга қарши оммавий митинг бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари Ер кодексига чет элликларга ер сотиш ва ижарага бериш борасида киритилган ўзгартишларга нисбатан норозилик изҳор қилдилар.

Атирау марказидаги Исатай-Махамбет майдонига якшанба куни дастлаб Ер кодексига киритилган ўзгартишлардан норози бўлган юздан зиёд одам йиғилди.

Уларнинг олдига Атирау шаҳар ҳокими Нурлан Ўжаев ва Атирау вилоят ҳокимининг муовини Салимжан Нақпаев келди. Расмийлар кодексга киритилган ўзгартишлар юзасидан изоҳ беришга, уларнинг Қозоғистон суверенитетига таҳдид солмаслигини тушунтиришга уриндилар. Бу орада шаҳар ҳокими йиғилганларга рухсат этилмаган митинг ўтказиш ноқонуний эканини таъкидлаб ўтди.

Маълумотларга кўра, мазкур митингни ўтказиш учун атирауликлар шаҳар ҳокимиятига аризани ўн кун аввал топширганлар, бироқ расмийлар унга рухсат бермаганлар.

Йиғилганлар тарқалишдан бош тортганларидан сўнг мулозимлар марказий майдонни тарк этганлар, митинг иштирокчилари сони эса орта бошлаган. Фаолларнинг айримлари йиғилганларга ўзини тинч ва провокацияларга учмаслик илтимоси билан мурожаат қилганлар.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, митинг ўтган майдонда полициячилар ва “фуқаролик кийимидаги шахслар” кўп бўлган.

“Ерни чет элликларга хусусий мулк қилиб бериш”га қарши митингга кўплаб атираулик деҳқонлар ва нефть посёлкаларида истиқомат қилувчи ишчилар келган. Тушдан сўнг норозилик акцияси иштирокчилар сони мингдан ошди. Митингчилар билан музокара олиб боргани Атирау вилоят ҳокими Нурлан Нўғаев келган. Йиғилганларга ўз эътирозларини ёзма шаклда топширишни таклиф қилган ҳоким уларнинг талабини мамлакат расмийларига етказишга ваъда бериб кетган.

Орадан бироз вақт ўтгач, маҳаллий расмийлар майдонга қайтиб, одамлардан тарқалишни сўраганлар.

Митингда “ер сотилишига қарши” чиққан фаолларни таъқиб қилмаслик талаблари ҳам янграган.

Бир неча соат давом этган митинг норозилар ўз талабларини мамлакат ҳукумати ва парламентига етказиш учун вилоят ҳокимига вақт беришга қарор қилганларидан сўнг якунланган. Уларга 21 майгача жавоб беришга ваъда қилганлар.

Атираудаги норозилик акцияси иштирокчилари Қозоғистон Ер кодексига киритилган ўзгартишларга қарши чиққанлар. Бу ўзгартишлар хорижликлар иштирокидаги ширкатлар ҳамда бошқа мамлакат фуқароларига қишлоқ хўжалик ерларини хусусий мулк сифатида сотиш ёки 25 йилгача ижарага топширишни кўзда тутади.

Бу ўзгартишлар Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Уральск шаҳрида истиқомат қилувчи маҳаллий фаол Исатай Утеповни ҳам пикетга чиқишга ундаган. Якшанба куни Уральскдаги Абай ҳайкали олдида бир кишилик норозилик акцияси ўтказган фаол қўлида “Хитойга ер сотма!” деган плакатни кўтариб олганди.

Исатай Утеповга кўра, хитойлик фуқароларга қишлоқ хўжалик ерларини сотиш ёки ижарага бериш Қозоғистон учун жиддий экологик хатар ташиши мумкин.

- Хитойлик ердан фойдаланувчиларнинг “нима қилиб бўлса ҳам катта ҳосил олиш” деган шиори бор. Улар кимёвий моддалар, турли ўғитлардан фойдаланадилар ва ерга трансген уруғларни экадилар. Бу ишдан кейин ер фойдаланишга мутлақо ярамай қолишини, қайта тикланмаслигини ҳамма тушунади, - деди фаол.

Утеповнинг пикети бошланганидан бир дақиқа ўтгач, бу ерга полиция ходимлари келиб, уни полиция участкасига олиб кетганлар. Исатай Утепов ўтказган акцияси ҳақида тушунтириш хати ёзиб берганидан кейин қўйиб юборилган.

XS
SM
MD
LG