Линклар

logo-print

Чернобиль ўрмонларида ёнғин чиқиши хавфи хавотирга сабаб бўлмоқда


Инсоният тарихидаги энг аянчли Атом электр станцияси ҳалокатидан 30 йил ўтиб, Украина шимолидаги Чернобиль шаҳрининг радиация билан заҳарланган ўрмонлари янги таҳдидни туғдирмоқда. Мутахассислар бу ўрмонларда ёнғин чиқадиган тақдирда, атроф муҳитга яна радиация тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Кристиан Борис

Чернобиль ҳалокатини тадқиқ қилаётган канадалик олим, доктор Тимоти Муссанинг айтишича, шаҳар атрофидаги ҳудудда жойлашган ўрмонлар янги ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин.

Мусса узоқ йиллик изланишларига асосланган ҳолда кутилмаган чақмоқ ёки чақилган бир дона гугурт ҳудуддаги ўрмонларга ўт кетишига олиб келиши мумкинлигини, натижада заҳарли радиоактив қолдиқлар Европа осмонларига етиб бориши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Ўтган йил давомида икки марта Ченобиль зонасида катта ёнғин рўй берди. Бу ёнғинларнинг атайин уюштирилгани айтилмоқда. Аммо Муссага кўра, улар радиоактив жиҳатдан хавф туғдирмаган.

Лекин содир бўлган учинчи ёнғин хавфли зонанинг энг заҳарланган қисми бўлмиш “қизил ўрмон”га етиб борган.

“Ёнғин нисбатан кичик бўлган, шунинг учун уни тезда ўчиришган. Лекин у кенгроқ тарқалганида, жиддий зарар етказиши мумкин эди. У ҳолда ўрмонда сақланиб қолган радиоактив моддалар атроф-муҳитга тарқаларди. Натижада радиоактив заҳар шамол йўналиши, ёмғир ёғиши ёки ёғмаслигига боғлиқ ҳолда бошқа ҳудудларга етиб олган бўларди”, дейди Мусса.

Мусса ва бошқа олимларнинг изланишларига кўра, Чернобилда йирик ёнғин рўй берса, Европага цезий-137, стронций-90 ёки иод-131 элементлари етиб бориши мумкин.

“Агар ҳалокат рўй берган пайтда тузилган харитага назар солсангиз, элементларнинг турли йўналишларда тарқалганини кўрасиз. Ҳалокат ортидан бошланган ёнғин 10 кун давом этган. Тутунлар стратосферагача етиб борган. Натижада радионуклидлар минглаб км масофага тарқалган”, дейди олим.

Ер сайёрасининг исиб бораётгани, кўпайиб бораётган хазон, қулаган дарахтлар ҳамда қуриган ўтлар ёнғин хавфини оширади.

“Ер сатҳидаги органик модда ўта радиоактивдир. У қуриганидан кейин ёнғин чиқиш хавфи ошади. Айнан шу нарса ҳалокатли ўрмон ёнғинларини келтириб чиқаради”, дейди Мусса.

XS
SM
MD
LG