Линклар

CPJ Бишкекни Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди


Қамоқхонадаги журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Қамоқхонадаги журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси қирғиз расмийларини БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсиясига тўла амал қилган ҳолда, журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудлик билан қамоқдан озод қилишга чақирди.

25 апрель куни Қирғизистон Олий суди ўз веб-сайти орқали Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишга тайёрлиги ҳақида баёнот тарқатган.

БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 21 апрель куни Бишкекни Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга ҳамда унга товон пули тўлашга чақирганди.

Қирғизистон Олий судининг кечаги баёнотида Асқаров иши янгитдан қачон кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Айнан шу суд 2011 йил декабрида жалолободлик журналист ва ҳуқуқ фаоли иши бўйича қуйи инстанция суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирган.

Қирғизистонлик этник ўзбек фаол Азимжон Асқаров 2010 йили Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар чоғида миллий низо қўзғаганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари фикрича, қирғиз расмийларининг БМТ қўмитаси тавсиясидан бўйин тоблашга ҳақлари йўқ, улар Асқаровни ҳеч бир важ-карсонсиз ва кечиктирмай озод қилишлари лозим.

XS
SM
MD
LG