Линклар

Украина Қримга ишлаш учун борган қирғизистонликларга санкциялар жорий этади


Қримдаги дам олиш масканларидан бири.

Қримдаги дам олиш масканларидан бири.

Украина Қримга ишлаш учун борган қирғизистонликларга санкциялар жорий этилиши ва бу шахслар махсус рўйхатга тиркалиши ҳақида Қирғизистон ҳукуматини огоҳлантирди. Аввалроқ қирғиз ҳукумати 500 қирғизистонлик Қримдаги меҳмонхоналарда ишлаш учун жўнатилишини эълон қилган эди.

Украинанинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига нота жўнатиб, қирғизистонликларнинг Қримга ишга жўнатилиши тўғрисидаги баёнотга норозилик билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон Давлат миграция хизмати Қрим мухториятининг Ялта шаҳридагимеҳмонхоналарда ишлаш учун 500 ишчи ўрни ажратилгани ҳақида маълумот берган эди.

- Биз жўнатган нотада бу таклиф Қрим мухтор республикаси Россия ҳудуди эканини халқаро даражада қонунийлаштириш ҳаракати бўлиши мумкинлиги айтилган. Бунгача Қирғизистон ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги орқали Украинанинг ҳудудий яҳлитлигини тан олишини тасдиқлаган. Мен бу тасдиққа бундан буён ҳам амал қилинади, деган умиддаман, -деди Украинанинг Қирғизистондаги элчиси Николай Дорошенко.

Элчи Қримга ишлаш учун борган қирғизистонликларга санкциялар жорий этилиши ва бу шахслар махсус рўйхатга тиркалиши ҳақида Қирғизистон ҳукуматини огоҳлантирди.

Сиёсатчилар қирғизистонликларнинг Москва таклифи билан Қримга ишлаш учун жўнатилиши Бишкек мазкур ҳудуднинг Россия ҳудуди эканини тан олишини англатади, деган фикрни билдирмоқдалар.

Собиқ дипломат ва парламент депутати Турсунбой Бакир ўғли бу фикрларни қўллаб-қувватлайди.

- Қирғизистон Қримга ишчи жўнатса, нафақат Украина, балки Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам норозилик билдириши мумкин. Негаки Россияга нисбатан санкциялар Москва Қримни аннекция қилиши ортидан жорий этилган. Қирғизистон Москва етакчилигидаги ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан сўнг иқтисодий таназуллга учради. Агар Қримга ишчи жўнатса, унда Қирғизистон емаган сомасига пул тўлаган бўлади, -деб ҳисоблайди Турсунбой Бакир ўғли.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Украина нотасига жавоб қайтаргани йўқ ва матбуотга бу ҳақда изоҳ беришдан тийилмоқда.

Қирғизистон Давлат миграция хизмати Қримнинг Ялта шаҳридаги меҳмонхоналарда ишлаш учун “Ялта-Турист” ширкатидан таклифнома келганини расман тасдиқлади. Миграция хизматининг билдиришича, бу Москва ҳукуматидан келган таклиф эмас, балки хусусий ширкат ташаббусидир.

Миграция хизмати расмийси Алмаз Алибаев Қримдан келган таклифга сиёсий тус берилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Украина таркибида бўлган Қрим мухтор республикаси 2014 йилда Россия томонидан аннекция қилинган эди. Киев расмийлари Қримни Россия томонидан босиб олинган ҳудуд деб билади. Европа Иттифоқи ва АҚШ Қримнинг аннекция қилиниши ортидан Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилган эди.

XS
SM
MD
LG