Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:18

CPJ вакили: Қирғизистон Асқаровни озод қилиши ёки Конституциясини ўзгартириши керак


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси логоси.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси логоси.

Қирғиз расмийлари Азимжон Асқаров иши бўйича БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси қароридаги бирламчи урғуни кўздан қочирмоқдалар. Бу фикрни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича катта илмий ходими Музаффар Сулаймонов билдирди.

26 апрель куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Сулаймоновга кўра, БМТ қўмитаси Бишкекни аввало Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга эмас, балки уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

- Биз қирғиз расмийларини БМТ қўмитасининг мазкур қарорига тавсияларни оралатиб ёндошмасликка чақирдик. Тўғри, БМТ қўмитаси Қирғизистон бу ишни қайта кўриб чиқиши кераклигини қайд этган. Бироқ бу қарорнинг иккинчи банди эди. БМТ қўмитаси қарорининг биринчи бандида Асқаров зудлик билан озод қилиниши лозимлиги айтилган, - дейди Музаффар Сулаймонов.

Олти йилдан бери Қирғизистон қамоқхонасида ўтирган Азимжон Асқаров.
Олти йилдан бери Қирғизистон қамоқхонасида ўтирган Азимжон Асқаров.

Эслатиб ўтамиз, жалолободлик журналист ва ҳуқуқбон Азимжон Асқаров ишини кўриб чиққан ва бу ҳақда ўз қарорини берган БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 21 апрель куни Бишкекни қамоқдаги ҳуқуқ фаолига нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиш, уни зудлик билан озод қилиш ҳамда имкон бўлса, унга товон пули тўлашга чақирганди.

25 апрель куни Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақида баёнот тарқатди. Мазкур баёнотда бу маҳкама қачон бўлиб ўтиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Айнан шу суд 2011 йил декабрида жалолободлик журналист ва ҳуқуқ фаоли иши бўйича қуйи инстанция суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирган.

“Асқаров иши бўйича мулоҳаза билдираётган айрим ҳуқуқшунослар БМТ қўмитаси қарори тавсиявий характерга эга эканини, Қирғизистон бу қарорни эътиборсиз қолдириши ҳам мумкинлигини айтмоқдалар. Бу борада ташкилотингизнинг қараши қандай?” деб сўраймиз Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Музаффар Сулаймоновдан. Мазкур саволга суҳбатдошимиз қуйидагича жавоб берди.

- Қирғизистонда Асосий қонун бўлган Конституция бор. У Жиноят кодексидан ҳам, Жиноят-процессуал кодексидан ҳам юқори туради. Ва бу Асосий қонунда “Қирғизистон мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро инстанциялар қарорини бажаришни ўз зиммасига олади” дейилган. Агар бу конституцияда ёзиб қўйилган бўлса, мамлакат расмийлари буни бажаришга мажбурлар. Бу биринчиси. Бу миллий қонунчилик. Иккинчиси – Қирғизистон халқаро шартномаларни ратификация қилиб, БМТ низоми асосида ишлайдиган халқаро ташкилотлар қарорларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Эндиликда Қирғизистон миллий ва халқаро қонунчиликка риоя қилган ҳолда Асқаровни озод қилиши ёки бўлмаса ўз конституциясидаги 41-моддани ўчириб ташлаши ва халқаро шартномаларни денонсация қилиши керак бўлади. Бу ерда бошқа йўл кўрмаяпман, - дейди Музаффар Сулаймонов.

Қирғизистонлик этник ўзбек фаол Азимжон Асқаров 2010 йили Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар чоғида миллий низо қўзғаганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Асқаров ўзига қўйилган айбловлар сохталаштирилганини айтиб, уларни рад қилиб келади. Асқаровнинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам бу иш уйдирилганини, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ундан касбий фаолияти учун ўч олаётганини урғулаб келадилар.

Музаффар Сулаймонов Азимжон Асқаровнинг айбдорлиги далилланганини айтишдан чарчамай келаётган қирғиз расмийлари ўз иддаоларини исботлаш учун берилган имкониятдан фойдалана олмаганларини урғулайди.

- Агар [Асқаровнинг] айби исботланган бўлганида, Қирғизистон учун буни БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси олдида ҳам исботлаш қийин бўлмасди. Қирғиз расмийлари бу ишни уддалай олмадилар. Улар Асқаровнинг судланиши қонуний асосларга эгалигини, унинг судланишида ҳеч қанақа ҳуқуқбузарликка йўл қўйилмаганини далиллаб беролмадилар. Бу жараён, адашмасам, 2012 йилдан бери давом этди. Қирғизистон ихтиёрида тўрт йил вақт бор эди, бироқ улар Асқаровнинг айбини исботлаб беришолмади, - дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Музаффар Сулаймонов.

“БМТ қўмитаси қарори Қирғизистонда суд тизими, ҳуқуқ-тартибот тизими яхши ишламаётганини яна бир бор намойиш қилди” деган Сулаймонов Азимжон Асқаровнинг озод қилиниши бу муаммоларни бартараф қилиш йўлидаги катта қадамлардан бири бўлиши мумкин эди, дея қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG