Линклар

Арманистон полицияси 25 апрель оқшомида пойтахт Ереванда йўловчи автобусни портлатиб юборганликда гумон қилинаётган кишининг шахси аниқланганини билдирди. Портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган.

Арманистон тергов қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, портлаш жойида топилган SIM карта аввал қамалиб чиққан фуқарога тегишли эканлигини аниқланган. Гумонланувчининг уйида ўтказилган тинтув давомида портловчи моддалар ҳамда бомба ясашда фойдаланиладиган ашёлар топилган.

Расмийлар гумонланувчининг исмини ошкор қилгани йўқ. Ҳозир унинг қаерда эканлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Гумонланувчи портлаш оқибатида ўлган икки кишининг бири бўлиши ҳам мумкин.

Жасадларнинг бири таниб бўлмайдиган аҳволда бўлгани учун ундан ДНК намунаси олиниб, лабораторияга юборилган.

Арманистон президенти Серж Саргсян портлаш ортидан мамлакат полициясига хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрди. Портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, етти киши тан жароҳати олган.

Арманистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, портлаш 25 апрель куни тунги соат 10 ларда Ереван марказидаги Ҳалабян кўчасида содир бўлган.

Арманистон полицияси раҳбари Владимир Гаспарян аввалроқ портлашга автобуснинг ўнг томонидаги иккинчи ўтирғичи остига ўрнатилган бомба сабаб бўлганини, терговчилар ўша жойда ўтирган йўловчининг шахсини аниқлашга уринаётганини айтган эди.

Терговчилар эндиликда портлаш террор ҳужуми бўлганини рад этишмоқда. Уларга кўра, гумоланувчи қариндошларидан ўч олиш ниятида бўлган. У ўзи билан олиб кетаётган бомба кутилмаганда портлаб кетган бўлиши мумкин.

Воқеа жойига борган AFP мухбири портлаш оқибатида автобуснинг ичи катта зарар кўрганини билдирди.

Президент Саргсяннинг матбуот котиби Владимир Акопян Соғлиқни сақлаш вазирлиги “жароҳат олган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегиш чораларни кўраётганини” билдирди. Котиб “Аҳолини тасдиқланмаган маълумот тарқатишдан тийилишга чақирамиз”, дея қўшимча қилди.

Автобуснинг икки йўловчиси – 14 ҳамда 15 ёшли бола – ўта оғир жароҳат олган ва шаҳар шифохоналаридан бирида операция қилинган. Шифокорларнинг таъкидлашича, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.

XS
SM
MD
LG