Линклар

logo-print

АҚШ Ҳалаб шифохонасига қилинган ҳужумни кескин қоралади


Ҳалабликлар ҳаводан нишонга олинган ал-Қудс шифохонасини кўздан кечирмоқдалар, 2016 йил 28 апрели.

Ҳалабликлар ҳаводан нишонга олинган ал-Қудс шифохонасини кўздан кечирмоқдалар, 2016 йил 28 апрели.

АҚШ давлат котиби Жон Керри Суриянинг Ҳалаб шаҳрида жойлашган “Ал-Қудс” шифохонасига қилинган ҳаво ҳужумини Қўшма Штатлар кескин қоралашини билдирди. Ҳужум натижасида ўнлаб одам ҳалок бўлган ва тан жароҳат олган.

28 апрель куни Вашингтон шаҳрида чиқиш қилган Керри бу ҳужум Сурия ҳарбий учоқларининг иши эканлигини айтди. Давлат котиби Сурия ҳукумати мамлакатда 2011 йилдан бери шифохоналарга уюштириб келаётган ҳаво ҳужумларида “юзлаб бегуноҳ суриялик” ўлганини қўшимча қилди.

“Ал-Қудс” шифохонасига 27 апрель куни ҳаводан ҳужум қилинган. Керри ҳужумда “ўнлаб одам, жумладан, ёш болалар, беморлар ҳамда тиббий ходимлар” ҳалок бўлганини айтди. Шифохонани Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳамда “Чегара билмас шифокорлар” халқаро хайрия ташкилоти дастаклаб келган.

Керри: “Россия [Сурия] тузумини ўз мажбуриятларини бажаришга чорлаши керак”, деди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2254-сонли резолюцияси Суриядаги зиддиятда иштирок этаётган барча тарафларни оддий фуқароларга ҳамда тиббий ходимларга ҳужум қилмасликка чақиради.

Суриядаги ҳужумларда 22 апрелдан бери 150 дан зиёд оддий фуқаро ҳалок бўлди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери Россия Сурия ҳарбий учоқлари билан ҳамкорликда мамлакатдаги мухолифатчи кучларга ҳамда “Исломий давлат” жангари гуруҳига қарши ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келади.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура АҚШ ҳамда Россия президентларини оташкесимга амал қилиниши учун тегишли чораларни кўришга чақирди.

28 апрель куни БМТнинг Суриядаги гуманитар миссияси етакчиси Ян Эгеланд сўнгги 48 соат ичида Ҳалаб ҳамда Ҳомс шаҳарларидаги вазият кескин ёмонлашганини айтди.

Эгеланд шифохона ҳамда унинг яқинидаги биноларга қилинган ҳужумлар 60 дан зиёд оддий фуқаро умрига зомин бўлганини билдирди.

28 апрель куни Сурия армияси шифохонага атайин ҳужум қилинганини рад этди.

XS
SM
MD
LG