Линклар

logo-print

Тожикистон Россия ваъдаси устидан чиқишига ишонмай қўйди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Россия президенти Владимир Путин.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Россия президенти Владимир Путин.

Кремль икки йил аввал Тожикистонга 70 миллиард рубль миқдоридаги ҳарбий техника ва қуроллар беришни ваъда қилган бўлса-да, шу кунгача бу ишни амалга оширгани йўқ. Душанбе расмийлари ҳам Россия ўз ваъдасини бажаришидан умидини узганларини билдирмоқдалар.

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг овози ёзиб олинишини истамаган расмийси Россия ваъда қилган 70 миллиард рублнинг бир тийини ҳам берилмаганини айтди.

-Россия ўз полигонларида тожик аскарларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш билангина чекланмоқда. Бу эса ҳеч қандай маблағ талаб қилмайдиган ҳаракатдир, -деди вазирлик расмийси.

Унга кўра, Душанбе расмийлари Москва ўз ваъдасини бажаришига ишонмай қолган. Икки йил аввал Россия ҳукумати Тожикистонга ўқотар қуроллар, самолётлар, замбараклар ва зенит-ракета комплекслари беришни ваъда қилган. Москва режасига кўра, умумий миқдори 70 миллиард рублни ташкил қиладиган бу қуроллар Тожикистонга босқичма-босқич бир неча йил ичида берилиши лозим эди.

Айни пайтда Москва Тожикистон Россиянинг террорчиликка қарши курашдаги асосий таянч нуқтаси экани ҳақидаги қуруқ гаплардан нарига ўтмай келмоқда. Тожикистонда Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган.

-Москва Душанбега 20та ҳарбий самолёт беришни ваъда қилган. Бироқ кейин Душанбега эски ҳарбий самолётларни бермоқчи бўлди. Душанбе бундан бош тортган. Чунки эски учоқларни таъмирлаш учун жуда катта миқдорда пул сарфланиши керак эди, - деди сиёсатшунос Саймиддин Дустов.

СиёсатшуносРоссия Афғонистон-Тожикистон чегарасида наркосавдогарлар билан тез-тез содир бўлиб турадиган отишмаларни асос қилиб олиб, Душанбени Толибон ҳуружи билан қўрқитиш ва ўз ёрдамларини миннат қилишдан нарига ўтмаяпти, деб ҳисоблайди.

- Аслида Тожикистонга Толибон ёки Афғонистон томонидан реал таҳдид йўқ. Бу Россия генералларининг Душанбени қўрқитиш учун ўйлаб топган эртагидан бошқа нарса эмас, - деб ҳисоблайди сиёсатшунос Саймиддин Дустов.

Россия Қирғизистонга ҳам замонавий қуроларни етказиб бериш ваъдасини берган эди. Қирғизистонлик мутахасислар Россия ўтган йилдан бошлаб бу ваъдасини бажаришга киришгани ва қирғиз армиясига ваъда қилинган қуролларнинг бир қисмини етказиб берганини билдирмоқда.

Москва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳам қурол-аслаҳа масаласидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мажбуриятини олган.

Ислом Каримовнинг 25-26 апрель кунлари Москвага қилган расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий соҳага оид маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш тўғрисидаги шартнома имзоланган эди.

Ҳозирча Москва ҳам, Тошкент ҳам бу келишув шартлари ҳамда ижроси меҳанизми ҳақида матбуотга тушунтириш бергани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG