Линклар

Жаҳондаги энг ёмон Тошкент аэропортини 4 йилда энг яхши аэропортга айлантиришмоқчи


Тошкент аэропортидаги тиқилинч.

Тошкент аэропортидаги тиқилинч.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги жаҳоннинг энг ёмон аэропортлари рўйхатига кирган Тошкент аэропортининг янги терминалини қуриш бўйича техник-иқтисодий асослама натижаларини Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этди. Ўзбекистон ҳукумати янги терминални лойиҳалаш ишларига 4 миллион, аэропортни қайта қуриш ишларига эса 312 миллион доллар маблағ ажратиши зарур бўлади.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг 4 май куни хабар беришича, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент аэропортининг янги терминалини қуриш бўйича техник-иқтисодий асослама натижаларини Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этди.

Тақдимотда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ботир Зокиров, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати раиси Валерий Тян, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Жонг Хи ва Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Ли Ук Хён иштирок этган.

“Таклиф қилинаётган лойиҳада пойтахт аэропортининг янги терминалини барпо этиш ишларини 4 йил давомида якунлаш назарда тутилган. Лойиҳа амалга оширилса, Тошкент аэропортининг майдони 2 баробарга, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи бинолар эса уч мартага кўпаяди”, деб билдирган Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ботир Зокиров ўз навбатида Тошкент аэропортининг янги терминалини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилиши учун ҳукумат барча имкониятларни ишга солишга ваъда берган.

Тошкент аэропортини қайта қуриш борасидаги ҳамкорлик Жанубий Корея билан 2015 йилда бошланган эди. Жорий йилнинг январь ойида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент аэропорти янги терминалининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни Кореядаги Инчен аэропорти консорциумига топширган. Консорциум техник-иқтисодий асосни олти ойдан кейин, яъни июнь ойида Ўзбекистонга тақдим этишга ваъда берган.

Жанубий Корея мутахасисларининг айтишларича, агар Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани оғишмай амалга ошира олса, Тошкент аэропорти Марказий Осиёнинг асосий ҳаво майдонига айланади. Жанубий Корея Тошкент аэропортига замонавий технологияларни ҳам тақдим этишини билдирган.

Мазкур лойиҳани ишлаб чиқиш Ўзбекистон ҳукуматидан 4 миллион долларни талаб қилади. Қурилиш ишларига эса 312 миллион доллар сарфланади. Мазкур маблағнинг 300 миллион долларини хорижий сармоялар, жумладан, Жанубий Корея томонидан киритиладиган инвестиция ва кредитлар ташкил қилади.

2019 йилда ишга тушурилиши режалаштирилаётган янги терминал эса соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

2014 ва 2015 йилларда Канаданинг “Аэропортларда ухлаш бўйича йўриқнома” (The Guide to Sleeping in Airports) Интернет нашри ўтказган сўровга кўра, Тошкент халқаро аэропорти жаҳоннинг энг ёмон аэропортлари орасида бешинчи ўринни эгаллаган эди.

Сўров натижасига кўра, Тошкент аэропортида узундан-узун навбатлар бўлиб, рўйхатга олишдан тортиб, багажни топширишгача бўлган барча жараёнлар йўловчилар норозилигига сабаб бўлган.

Интернет нашрининг ёзишича, Тошкент аэропортида навбатлар ва бунинг натижасида юзага келадиган оломонни тартибга солиш бўйича ҳеч қандай иш амалга оширилмайди.

Нашр Тошкент аэропортида коррупция ҳолатлари ҳам борлигини қайд қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG