Линклар

Bellingcat: MH17 рейсини Россиянинг 332-сонли “Бук” ракетаси уриб туширган


Уриб туширилган Малайзия йўловчи учқичининг Ҳолландия мутахассисларининг якуний ҳисобот арафасида қайта йиғилган қолдиқлари.

Уриб туширилган Малайзия йўловчи учқичининг Ҳолландия мутахассисларининг якуний ҳисобот арафасида қайта йиғилган қолдиқлари.

Malaysia Airlines ҳаво ширкатининг MH17 рейси ҳалокати сабабларини ўрганиб чиққан мустақил тадқиқотчилар гуруҳи учоқни уриб туширган рус “Бук” зенит-ракета комплексининг борт номери аниқланганини эълон қилди.

Британиялик тадқиқотчилардан иборат Bellingcat гуруҳиэълон қилган ҳисоботда айтилишича, MH17 рейсини 2014 йил 17 июль куни Россиянинг Курск областида жойлаштирилган 53-зенит-ракета бригадасига тегишли 332-сонли “Бук” ер-ҳаво ракетаси уриб туширган.

Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Bellingcat тадқиқоти қанчалик тўғри эканлигига баҳо бера олмаслигини, чунки ўзида “Россия қуролларининг идентификация номери ҳақида батафсил маълумот йўқлигини” айтди.

Песков 332-сонли “Бук”нинг ҳаракатлари ҳақида “батафсил маълумот Мудофаа вазирлиги мутахассисларидагина” борлигини айтди.

Россиянинг 53-зенит-ракета бригадаси аъзолари 2010 йилдан бери Интернетга қўйган суратларни ўрганиб чиққан Bellingcat мутахассислари 2014 йил 17 июлида Украинанинг айирмачилар бошқарувидаги шарқий қисмида суратга олинган “Бук-М1” ракета тизимининг еттита ўзига хос белгисини аниқлашган.

Бу белгилар орасида қисман ўчирилган идентификация номери, сонларни ёзишда ишлатилган шрифт ва уларнинг орасидаги масофа, чап панелдаги пачоқ жой, ракета отувчи мосламага уланган симларнинг жойлашуви, машинанинг ҳар икки томонидаги оқ белгилар, ҳамда глушитель яқинидаги нефть ва қурум изларининг шакли ва ҳажми бор.

Bellingcat ҳисоботида ёзилишича, 332-сонли “Бук”да бу белгиларнинг барчаси мавжуд бўлиб, у MH17 рейси уриб туширилишидан олдин шарқий Украинада суратга олинган “Бук”ка ўхшаш белгилар кузатилган ягона комплексдир.

Bellingcat февраль ойида Malaysia Airlines учоғи бортидаги 298 киши умрига зомин бўлган ҳалокатда Россия ҳарбий қўмондонлиги тепасидаги шахсларнинг қўли борлиги айтилган ҳисоботни эълон қилган эди.

Украина шарқидаги Россия дастаклаётган айирмачилар Bellingcat ҳисоботини инкор этишди. Айирмачилар ҳеч бир пайт, жумладан, MH17 рейси уриб туширилган пайтда улар қўлидаги ҳудудда Россиянинг ҳеч қанақа ердан ҳавога ҳужум қилувчи кучлари бўлмаганини таъкидлашди.

Кремль Украина шарқида айирмачиларни дастаклаш учун ҳарбий юборганини рад этиб келади.

Россия ҳукумати Украина кучлари мамлакт ичида қўлга олган рус аскарлари кўнгиллилар эканини таъкидлайди.

Украина президенти Петро Порошенко эса Минскда имзоланган оташкесимга қарамасдан, Россия ҳарбийлари ҳамда ҳарбий техникаси шарқий Украинага ўтаётганини кўрсатувчи далиллар борлигини айтиб келади.

Украина расмийларига кўра, ҳозирда мамлакат шарқида 30 мингдан ошиқ россиялик аскар бор.

XS
SM
MD
LG