Линклар

Умида Аҳмедова Вацлав Ҳавел xалқаро мукофотига сазовор бўлди


Умида Аҳмедованинг фотосуратларини Ўзбекистонда намойиш этиш тақиқланган.

Умида Аҳмедованинг фотосуратларини Ўзбекистонда намойиш этиш тақиқланган.

Ўзбекистонлик фотожурналист Умида Аҳмедова Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди. Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Foundation (HRF) – Инсон ҳуқуқлари бўйича жамғарма томонидан таъсис этилган мукофотни топшириш маросими 25 май куни Норвегия пойтахти Ослода бўлиб ўтади.

Умида Аҳмедова фотожурналистгина бўлиб қолмай, балки Ўзбекистондаги биринчи кинодокументалист аёлдир. Унинг фотосуратлари ва ҳужжатли фильмларида Ўзбекистонда тилга олиниши тақиқланиб келган гендер тенглиги, қашшоқлик ва этник муаммолар мавзулари ёритилган.

"Умиданинг ишлари Ўзбекистондаги янги авлод фотосуратчилари учун илҳом манбаси бўлиб келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ҳаётининг фаровон ва бахтиёр образини яратишга интилаётганига қарамай, Умиданинг ишлари дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлган давлатдаги реал ҳаётни акс эттира олди”, деди Умида Аҳмедова фаолиятига баҳо берган Amnesty International халқаро ташкилотининг Норвегиядаги раҳбари Жон Педар Эгинес.

Умида Аҳмедова Ўзбекистондан хорижга чиқиши тақиқланган шахслар рўйхатида экани ҳам айтилиб келинади.

Масалан, 2015 йилнинг февралида Россияга кетаётган Умида Аҳмедова Тошкент аэропортидан ортга қайтарилган. Расмийлар буни Умида Аҳмедова Россияга кириши тақиқланган одамлар рўйхатида экани билан изоҳлаган.

2014 йилнинг 27 январь куни Аҳмедова, унинг ўғли ва яна бир неча нафар фаол Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб акция ўтказгани учун Тошкент суди тарафидан катта миқдора жаримага тортилган эди.

2014 йилда Тошкентда Умида Аҳмедованинг фотосуратларини “Бир макон” фотокўргазмасида намойиш этилиши тақиқланди.

2010 йили Умида Аҳмедова суратлари ва ҳужжатли фильмларида "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган, кейинроқ амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган эди.

Вацлав Ҳавел номидаги ҳалқаро мукофотга жорий йилда Умида Аҳмедовадан ташқари Эрон қамоқхонасида виждон тутқуни бўлган Атена Фарҳадоний ва россиялик рассом Петр Павленский ҳам лойиқ топилган.

Атена Фарҳадоний Эрон парламенти депутатлари ҳайвон бошли одамлар сифатида тасвирланган карикатуралари учун 12 йилга қамалган эди.

Петр Павленский эса президент Владимир Путин режимига қарши норозилик сифатида ўткизган тасвирий намойишлари билан танилган, жумладан, у КГБнинг давомчиси бўлиб келаётган ФСБнинг рамзий эшикларига ўт қўйган.

Бу уч лауреатга 25 май куни Ослода мукофотни рамз этувчи ҳайкалчалар ва 350 минг норвег крони миқдоридаги пул мукофоти топширилади.

Ўтган йилларда Вацлав Ҳавел мукофоти хитойлик рассом Ай Вэйвэй, россиялик Pussy Riot гуруҳи, шимолий кореялик фаол Парк Санг Хак, саудия арабистонилик ҳуқуқ фаоли Манал ал Шариф ҳамда бирмалик мухолифатчи Аун Сан Су Чжига берилган эди.

Таниқли драматург, ёзувчи ва диссидент Вацлав Ҳавел Европа давлатларида коммунистик тузимнинг барҳам берилишига омил яратган 1989 йили Чехословакияда содир этилган баҳмал инқилоби лидерларидан бири эди. У 1989 йилдан 2003 йилгача, дастлаб Чехословакия, сўнгра Чехия Республикасининг президенти бўлган. 2003 йилдан 2011 йилгача Human Rights Foundation раиси лавозимида ишлаган.

Вацлав Ҳавел 2011 йилнинг 18 декабрида 75 ёшида вафот этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG