Линклар

logo-print

АҚШда ИШИДга алоқадорликда айбланаётган олтинчи ўзбекистонлик қўлга олинди


ИДга алоқадорликда айбланган ўзбекларнинг суддаги сурати. Чапда Аҳрор Сайдахметов, ўртада суд таржимони ва ўнгда Абдурасул Жўрабоев. Нью-Йорк, 2015 йил 25 февраль.

ИДга алоқадорликда айбланган ўзбекларнинг суддаги сурати. Чапда Аҳрор Сайдахметов, ўртада суд таржимони ва ўнгда Абдурасул Жўрабоев. Нью-Йорк, 2015 йил 25 февраль.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳар Бруклин федерал судида “Исломий давлат”га алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган Азизжон РаҲматовга айблов билдирилди. Бунга қадар мазкур иш юзасидан беш нафар Ўзбекистон фуқароси қамоққа олинган эди. Ўтган йилнинг февралида ҳибсга олинган беш ўзбекистонликдан фақат бир нафари - Абдурасул Жўрабоев ўзига билдирилган айбловни тан олган.

АҚШда 11 май куни Ўзбекистон фуқароси Азизжон Раҳматов “Исломий давлат” террор гуруҳини қўллаб - қувватлаганликда гумонланиб қўлга олинди. 28 ёшли Азизжон Раҳматовга Нью Йоркнинг Бруклин судида айблов эълон қилинди.

Прокурорларга кўра, Раҳматов ижтимоий тармоқлар орқали “Исломий давлат”га қўшилмоқчи бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаган, уларга Сурияга етиб олиш учун ўзи ишлаб топган пуллардан берган¸ ҳамда бу мақсадлар учун бошқалардан ҳам пул йиққан.

Прокурорларнинг айтишларича, Азизжон Раҳматов Бруклинда яшаётган ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоев ва қозоғистонлик Аҳрор Сайидахметов “Исломий давлат” сафига қўшилиши учун Сурияга кетишга ҳаракат қилганликда айбланиб қўлга олинганидан сўнг полиция назарига тушган.

Раҳматов ва ундан олдин қўлга олинган Аброр Ҳабибов, Дилҳаёт Қосимов ва Акмал Зокировлар Сайидахметовга бу мақсадни амалга оширишда кўмаклашган. Аммо уларнинг ҳеч бири ўзига қўйилаётган айбловни тан олмаган.

19 ёшли Сайидахметов ўтган йил февралида Нью Йоркнинг Жон Кеннеди аэропортидан Истамбулга учиб кетишга ҳаракат қилаётган пайтда қўлга олинган.

Нью-Йорк прокуратурасига кўра, 2015 йил февраль ойида Жон Кеннеди халқаро аэропортида 19 ёшли қозоғистонлик Аҳрор Сайдахметов қўлга олингани айбловнинг асосий далилларидан бири бўлиб қолмоқда. Тахминларга кўра, Туркияга йўл олмиш самолётга ўтирган Сайдахметов Сурияга ўтиб кетиш тараддудида бўлган.

Жўрабоев эса Туркияга 2015 йилнинг март ойида учмоқчи, у ердан эса Сурияга ўтиб, жиҳодчилар сафига қўшилмоқчи бўлган.

Мазкур иш бўйича қўлга олинган Абдурасул Жўрабоев ўтган йилнинг августида ўтган суд жараёнида ўзига билдирилган айбловни тан олган.

Нью-Йорк Шарқий округи прокурори вазифасини бажарувчи Келли Каррининг билдиришича, 25 ёшли Абдурасул Жўрабоев “Исломий давлат” сафида жиҳодда иштирок этиш учун Сурияга кетишни режалаб юрган ва агар бу сафари амалга ошмай қолса, АҚШ ҳудудида террор хуружларини амалга оширишга тайёр бўлган.

Прокуратура вакилларига кўра, эндиликда Жўрабоев 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан аввал ҳам АҚШда радикал ҳаракатларда айбланиб бир қатор ўзбекистонликлар қўлга олинган эди.

2016 йилнинг январида Ўзбекистонлик қочқин Фазлиддин Қурбонов АҚШда ҳарбий академияга ҳужум режалаганликда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2012 йил 13 июль куни АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари президент Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2012 йилнинг 21 январь куни Чикагода 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинди. Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда.

2012 йилнинг мартида Филадельфия шаҳрида яна бир ўзбекистонлик - Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG