Линклар

Майк Эккель

Россия президенти Владимир Путин 12 май куни Сочи шаҳрига сафар қилди. У ерда Путин Россия ҳарбийлари ҳамда Россиянинг энг сўнгги технологияларини ҳамда қуролларини кўрсатишга ошиқаётган ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи ширкатлар вакиллари билан учрашди.

Россия матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, Путинга гидлик қилган генерал Александр Савченко Путинга “УАЗ” автомобиль ширкати тайёрлаган янги зирҳли машинани кўрсатишга ошиққан.

Камералар ишлаб турган бир пайтда Путин йўловчи ўтирадиган эшикни очишга уринган. Савченко Путинга ёрдам бериш учун эшик дастасини тортган. Ўша пайт кутилмаганда даста синиб қолган.

Путин истеҳзо билан жилмаяр экан, унинг ортида турган генерал Валерий Герасимов лол қолган. Кремлпараст LifeNews телеканали эфирга узатган видеода Савченко синиб қолган дастани машина ичига улоқтириб, эшикни ичидан очишга уринаётганини кўриш мумкин.

“Ведомости” нашрининг хабар қилишича, ҳодисани кузатиб турган Путин “Яшанглар!” деган.

Олд томондаги эшикни оча олмаган Cавченко орқа эшикни очган. Аммо видеода Путин бунинг ортидан машинага минган-минмаганини кўриб бўлмайди.

Путин илк маротаба ишламай қолган техникага дуч келаётгани йўқ.

Беш йил аввал президентга “Лада”нинг янги моделини ҳайдаб кўриш имконини беришган эди. Айтиш жоизки, “Лада” автомобиллари халқ орасида юқори сифати билан ном чиқарган эмас. Камералар олдида машинага ўтирган Россия президенти уни юрғиза олмай қийналган эди.

Кейинги йилларда бундай ҳолатлар кўп кузатилди.

2015 йил Қизил майдонда бўлиб ўтган Ғалаба паради давомида янги русумдаги Т-14 “Армата” танки ўчиб қолган, уни судраб олиб кетишга мажбур бўлишган эди.

Айнан ўша куни Қизил майдонга етай деб қолган “Бук М-1” зенит-ракета комплекси ёниб кетиб, парадни томошга қилаётган минглаб одам қора тутун ичида қолган, натижада ўт ўчирувчилар чақирилган эди.

XS
SM
MD
LG