Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Москва полицияси: 20 фоиз жиноятда муҳожирлар қўли бор


А.Якунин Г.Буцек билан
А.Якунин Г.Буцек билан

“Москвада жиноятларнинг 20 фоизи нолегал муҳожирлар томонидан содир этилмоқда”. Бундай баёнот билан чиққан Москва шаҳар полицияси раҳбари Анатолий Якунин айнан “келгиндилар” Россия пойтахтида криминоген вазиятни ёмонлаштиришга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Мутахассислар эса бош полициячи баёнотига жиддий шубҳа билан қарамоқда.

11 май куни Россия пойтахтида Будапешт ва Москва полицияси раҳбарияти учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда сўзга чиққан Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Анатолий Якунин венгриялик ҳамкасбларига Россия пойтахтида “этник жиноят”га қарши кураш усуллари ҳақида сўзлаб, бундай деди:

- Турли мамлакат жиноятчилари турли тилларда сўзлашади, аммо биз, ҳуқуқ мухофазачилари учун бу тўсиқ бўла олмайди. Ноқонуний миграция пойтахтимизда криминоген вазиятга жиддий таъсир ўтказиб келаётир. Москвада жиноятларнинг 20 фоизи амалда нолегал мигрантлар томонидан содир этилмоқда. Биз бу соҳага биринчи даражали эътибор қаратиб, ҳатто жиноят-қидирув бўлими ҳузурида махсус тузилма – Этник жиҳатдан уюшган гуруҳларга қарши махсус бўлинмалар бошқармасини ташкил этдик. Бу ташаббус аллақачон ўз натижасини бермоқда, деди европалик полициячиларга нолегал муҳожирларга қарши курашиш усулларини ўргатган Анатолий Якунин.

Бундан олдинроқ полиция раҳбарияти Москвада талон-тарож ва жинсий тажовузлар аксар ҳолатда муҳожирлар томонидан содир этилаётганига эътибор қаратган эди.

Бироқ мутахассислар полиция раҳбарияти баёнотлари кўп ҳолларда мутлақо асоссиз эканини таъкидламоқда.

Полиция расмий сайтида олдинроқ эълон қилинган статистика маълумотларига кўра, 2015 йилда Москва шаҳар полиция бўлинмаларида 195,2 минг жиноят қайдга олинган. Жумладан, хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар томонидан 9,7 минг, яъни 4,9 фоиз жиноят содир этилгани полиция томонидан расман хабар этилган эди.

Москвадаги “Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов Якунин келтираётган рақамларга 3,5 минг хорижлик содир этган маъмурий қонунбузарликлар ҳам киритилганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Даниил Кислов рус полицияси раҳбарияти томонидан муҳожирларга қарши қилинаётган бундай асосланмаган босимни “оддий усули” деб атади.

- Охирги йилларда полиция ва миграция хизмати амалдорлари келтираётган рақамларни кўп ҳолларда пропаганда усуллари сифатида қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Улар 20, 10 фоиз дейиши мумкин, “кўпчилик муҳожирлар” деганини кузатганмиз, ваҳоланки бу 50 фоиздан зиёд дегани. Кимга керак бундай ёлғон?! Бу рақамларни ҳаммасини текшириш лозим. Ички ишлар келтираётган расмий рақамлардан, масалан, 20 эмас 4-5 фоизни ҳисоблаб чиқиш мумкин. Ахир бу жиноятларнинг аксар қисми – маъмурий қонунбузарликлар!,- деди Даниил Кислов.

Агентлик раҳбари “муҳожирлар” ибораси ортида Россия фуқаролари бўлган “ички мигрантлар” ҳам турганини эътибордан четда қолдирмаслик керак, дейди.

"Фарғона.ру" бош муҳаррири Даниил Кислов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк

Унинг фикрича, бундай ноаниқ ва ошириб кўрсатилган статистика Россия полициясига бюджетдан қўшимча маблағ олишга имкон беради.

- Ҳар ҳолда, рақамлар ошириб юборилган. Бундай маълумотлар “Россия Ўзбекистон билан виза режимини жорий этмоқчи” каби турли мишмишларни ҳам келтириб чиқармоқда. Якунин баёноти овруполик амалдор билан учрашув чоғида билдирилгани ҳам эътиборга молик: Россия “мигрантлардан изоляция” курсини танлагани, Европа давлатларини ҳам ўз юртларига суриялик ва бошқа қочқинларни киритмасликка даъват этаётганига ўхшайди. Шу тариқа Россия бошқа мамлакатлар қаторида нолегал ўзбек-тожикларга қарши курашни янада кучайтиришга интилаётгандек туюлаяпти. Қолаверса, бу пропаганда яна бир мақсад кўзлайди: қўрқитиш! Полиция учун энг асосийси - хавф мавжудлиги кўринишини яратиб, бюджетдан кўпроқ давлат пулини олишдир.Шу сабабли, “Антитеррор” каби тузилмалар атрофда террорчилик хавфи юқорилиги билан, яқинда полиция таркибига киритилган миграция идораси эса – ноқонуний мигрантлар сони ва жиноятлар кўлами билан аҳолини қўрқитиб келади, деди Даниил Кислов.

XS
SM
MD
LG