Линклар

Ўзбекистонлик ҳуқуқбон 71 кундан бери "психдиспансер"да сақланмоқда


Елена Урлаева "Биз Андижонни унутмаймиз", деб номланган пикет билан.

Елена Урлаева "Биз Андижонни унутмаймиз", деб номланган пикет билан.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишидаги фаолияти учун бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми мукофотига сазовор топилган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий тарзда ушлаб турилибди. Елена Урлаева 12 май куни мукофотни қабул қилиб олиш учун АҚШга бориши керак эди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаолининг ҳамкасблари Озодлик радиосига маълум қилдилар.

Ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулованинг Озодлик радиосига айтишича, жорий йилнинг 1 март куни Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишидаги фаолияти учун халқаро мукофот билан тақдирланган шахслар рўйхатини э.ълон қилган. Улар орасида ўзбекистонлик ҳуқуқбон Елена Урлаева ҳам бўлган.

- Елена Урлаеванинг АҚШга боришини олдини олиш, мукофотни топшириш маросимида иштирок этишига йўл қўймаслик мақсадида руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишган. Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасида сақлаш муддатини асосиз равишда чўзиб келишмоқда, - деди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг айтишича, Елена Урлаева Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми мукофоти билан тақдирланган шахслар рўйхати эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, яъни 7 март куни руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий равишда олиб кетилган. Елена Урлаева бу вақтда АҚШга бориш учун чиқиш визасини олиш мақсадида турли давлат идораларига ариза билан мурожаат қилишни бошлаган.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Елена Урлаевани 2 май куни касалхонадан чиқаришлари керак эди. Бироқ шифокорлар комиссияси унинг касалхонада қолиш муддатини яна асосиз равишда узайтирган. Халқаро меҳнат ҳақлари форуми мукофотини топшириш маросими Вашингтонда 12 май куни ўтказилиши керак эди.

-Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши унинг руҳий ҳолати билан эмас, балки касбий фаолияти билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларини қамаш, уларга бўҳтон қилиш ёки руҳий касалликлар шифохоналарида мажбурий ушлаб туриш одатий ҳолатга айланган, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ўтган йилнинг март ойида бош вазир Шавкат Мирзиёёвни судга бергани учун ҳукумат таъқибига учраган ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов ҳам Тошкентдан ўғирлаб кетилиб, бир ой давомида Жиззах руҳий касалликлар шифохонасида ноқонуний ва мажбурий тарзда сақланган.

2015 йилнинг июль ойида Ўзбекистон президентига йўллаган 2500 ёзма шикояти бир неча йиллар давомида кўриб чиқилмаётгани ҳақидаги 28 саҳифали аризасини Тошкентдаги АҚШ элчихонаси орқали 12 июнда Ўзбекистонга келган БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга етказмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга нисбатан Шайхонтохур туман суди “муомалага лаёқатсиз" , деб ажрим чиқарган.

- Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси президент маъмурияти ходимлари томонидан уюштирилган. Нега деганда, президент аппаратида менинг 2500 шикоятим таҳланиб ётибди, ҳали бирортаси кўриб чиқилган эмас. Ана шу шикоятларим асосидаги ҳисоботни 11 июнь куни, яъни Бан Ки Мун Тошкентга келишидан бир кун олдин АҚШ элчихонасига олиб бориб топширганман ва бу шикоятни БМТ Бош котибига етказишни илтимос қилганман. Шунинг учун мени руҳий носоғломга чиқариш ҳаракати бўлаяпти, - деди Шуҳрат Рустамов.

АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботларида ҳам Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни руҳий касалхоналарда сақлаш амалиёти Тошкент расмийлари томонидан қўлланилиб келинаётгани қайд этилган.

Бундан аввалари ҳам бир неча маротаба руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган Елена Урлаева Озодлик радиосига берган интервьюларидан бирида мустақил тиббий экспертиза унинг руҳий соғлом эканини тасдиқлагани, аммо Ўзбекистонда бу ҳужжат эътиборга олинмаётганини айтган эди:

-Мен Ўзбекистонда фаолларга нисбатан жазолаш мақсадида психиатрия қўлланилишини айтиб ўтмоқчиман. Масалан, мени бир йил давомида руҳий касалликлар шифохонасида сақлашган ва менга нисбатан психотроп препаратларни қўллашган. Мажбурий равишда даволашган. Ҳозир эса суд орқали руҳий носоғлом, деб қарор чиқартириб, мени барча ҳуқуқларимдан маҳрум қилишди. Аммо бир неча йил аввал халқаро ташкилотлар кўмагида мени Москвада руҳий экспертизадан ўтказишган. Экспертиза менинг соғлом эканимни тасдиқлаган. Аммо мазкур халқаро экспертиза хулосаси Ўзбекистонда тан олинмаяпти, - деган эди Елена Урлаева.

"Альянс" ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Елена Урлаева Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш муаммосини мониторинг қилиб келади. Ўтган йили у Кореянинг Tji Hak-Soon жамғармаси таъсис этган халқаро мукофотга сазовор бўлган, бироқ бу мукофотни қабул қилиб олиш учун унга Кореяга чиқиш визаси берилмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG