Линклар

Афғонистон пойтахтида минглаб ҳазаралар электр талаб қилиб норозиликка чиқди


Кобулда минглаб ҳазара шиалари кўп миллион долларлик электр линияси улар яшайдиган ҳудуддан ўтказилишини талаб қилиб намойиш ўтказди. Полиция норозилар президент саройи жойлашган майдонга ўта олмасликлари учун Афғонистон пойтахти марказига элтувчи асосий йўлларни тўсиб қўйди.

Миллий озчилик бўлган ҳазара етакчилари Туркманистондан Кобулга тортилган 500 киловаттлик электр линияси ҳазара аҳолиси кўпчиликни ташкил этувчи Бомиён вилояти орқали ўтказилишини талаб қилишди.

Кобулдаги дўконларнинг кўпчилиги ёпиб қўйилди ва катта миқдорда полиция кучлари ташланди. АҚШ элчихонаси ва БМТга доир кўплаб бинолар ҳам душанба куни ишламади.

Электр линияси дастлаб Бомиён орқали ўтиши режаланган эди. Лекин ҳукумат қисқароқ мосафадаги Саланг дараси орқали сим тортилса, миллионлаб доллар маблағ тежалиги важи билан режаларни ўзгартирди.

Афғонистоннинг 10 вилоятига электр етказилишини кўзда тутувчи линия, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистонни бирлаштирувчи катта лойиҳанинг бир қисмидир. Мазкур лойиҳа Осиё Тараққиёт банки томониидан молияланган.

Афғонистонда ҳазара миллати нуфузи 2,8 миллионга тенг экани тахмин қилинади.

XS
SM
MD
LG