Линклар

“Қора бозор”да долларнинг арзонлаши ШҲТ саммити билан боғланмоқда


Ўзбекистон “қора бозор”ида сўнгги ҳафтада доллар курсининг қарийб 20 фоизга пасайиши кейинги ой Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати тошкентлик саррофлар сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Уларга кўра, ШҲТ саммитига олиймақом меҳмонлар келиши муносабати билан норасмий валюта бозорига босим ўтказилмоқда.

Бир ҳафта ичида Ўзбекистон қора бозорида доллар нархи 6700 сўмдан 5400 сўмгача тушиши кузатилди. Ўзбек саррофлари босим битгач, валюта курси саноқли соатлар ичида яна кескин кўтарилиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, доллар сотишга кўпам қизиқавермаётганларини айтганлар.

АҚШ долларининг “қора бозорда”ги курси янги йил байрами кунлари ҳам 6200 сўмдан бирданига 5300 сўмга тушиб кетган эди. Бироқ кўп ўтмай курс яна 6000 устига чиққан, март ойига келиб эса 6700 сўмдан ошиб кетган эди.

Ўзбекистонда жаҳон резерв валютасининг уч хил курси бор. Марказий банк жорий ҳафта учун АҚШ доллари курсини 2909 сўм қилиб белгилади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда долларнинг биржа курси ҳам бор ва бугунги кунда 8100 сўмни ташкил қилади.

Тошкентда ШҲТ саммити жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG