Линклар

Оташкесимга қарамай, Тоғли Қорабоғда икки киши ҳалок бўлди


Илҳом Алиев (ў) ва Серж Саргсян Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича сўнгги учрашувда, Вена, 2016 йил 16 майи.

Илҳом Алиев (ў) ва Серж Саргсян Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича сўнгги учрашувда, Вена, 2016 йил 16 майи.

Тоғли Қорабоғда 17 май куни бўлиб ўтган тўқнашувларда арман айирмачиси ҳамда озарбайжонлик аскар ҳалок бўлди.

Куни кеча Арманистон президенти Серж Саргсян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев оташкесимга амал қилишга ва тинчлик музокараларини қайта бошлашга келишиб олган эди.

Икки лидер ўртасидаги келишув америкалик, франциялик ва россиялик воситачилар иштирокида Австрия пойтахти Венада ўтказилган учрашувлар ортидан имзоланганди.

Икки президент яна Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) мониторинг миссияси кўламини оширишга келишиб олган.

Ҳозирда Тоғли Қорабоғда бор-йўғи олти нафар ЕХҲТ кузатувчиси бор, холос.

16 май куни Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Федерика Могерини ҳам Алиев ва Саргсян билан учрашди.

17 май куни Саргсян Алиев билан бўлиб ўтган учрашув “умуман олганда қониқарли” бўлганини айтди.

“Бизнинг мақсадимиз муаммони тинчлик йўли ва музокаралар ёрдамида ҳал қилишдир. Уруш ҳечам энг яхши ечим бўла олмайди”, деди Серж Саргсян.

19 май куни эса Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари франциялик ҳамкасблари билан учрашадилар.

16 май куни Венада бўлиб ўтган учрашув Тоғли Қорабоғда апрель ойида содир бўлган қуролли тўқнашувдан кейин Озарбайжон ва Арманистон лидерларининг илк юзма-юз учрашуви бўлди.

Ўзини Бокудан мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ бўлгаси учун Озарбайжон ва Арманистон 1988 йилдан 1994 йилгача уруш олиб борган, бу уруш 30 мингдан зиёд киши ҳаётига зомин бўлган.

75 фуқаро ва ҳарбий ҳалок бўлган бўлган апрель тўқнашувлари 1994 йили оташкесим имзоланганидан бери рўй берган энг қонли жанг бўлди.

17 май куни бўлиб ўтган тўқнашув учун эса ҳар икки тараф бир-бирини айблади.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 17 май куни эълон қилган билдирувда “Вена музокаралари ортидан Арманистон тарафи оташкесим тартибини бузди”, дейилади.

Тоғли Қорабоғнинг Арманистон дастакловчи ҳарбий расмийлари эса Озарбайжон кучларини “уруш чизиғидаги позицияларни ўққа тутишда” айблади.

Айирмачиларнинг ўз ҳукумати аскарларидан бири “уруш чизиғининг жанубий қисмида ҳалок бўлгани”ни билдирди.

XS
SM
MD
LG