Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Қозоғистонда митингга чиқмоқчи бўлган фаоллар жазоланмоқда


Атирауда фаоллар Макс Бокаев ва Талғат Аян иши кўрилган судга полициячилар ҳеч кимни киритмаганлар, 2016 йил 17 майи.
Атирауда фаоллар Макс Бокаев ва Талғат Аян иши кўрилган судга полициячилар ҳеч кимни киритмаганлар, 2016 йил 17 майи.

Қозоғистонда “ер масаласи бўйича” умуммиллий митингга чиқиш ниятини билдирган фаоллар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қўлга олиниб, ҳибс этилаяпти. Чоршанбага ўтар кечаси бўлиб ўтган суддан сўнг ўндан зиёд фаол ҳибсга олинган.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида фуқаролик жамияти фаоллари Макс Бокаев ва Талғат Аян 15 суткага қамалди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, 24 апрель куни “ер масаласи бўйича” бу шаҳарда ўтган, рухсат этилмаган митингнинг фаол иштирокчиси бўлмиш Бокаев ва Аян устидан суд ҳукми чоршанбага ўтар кечаси чиқарилган.

Фаоллар Қозоғистон Жиноят кодексининг 488-моддаси 3-банди (Тинч йиғилишларни уюштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик) бўйича жавобгарликка тортилганлар.

Адвокат Тўлепқали Аяновнинг айтишича, судда Бокаев ва Аяннинг айбини исботловчи далиллар кўрсатилмаган.

- Келтирилган далил Бокаевнинг Facebook тармоғида митингга ариза бергани ҳақида 6 май куни ёзган ёзувидир. Шу холос. Талғат Аяннинг Facebook’даги саҳифаси 13 май куни бузилган. У ҳар қандай кимса митинг ўтказиш учун ариза топширишга ҳақли эканини ёзган. У ерда ҳеч қанақа ташвиқот бўлган эмас, - деди адвокат.

Чоршанбага ўтар кечаси Олмаота шаҳрида ҳам маъмурий суд бир неча кишини жавобгарликка тортган. Тинч йиғилиш уюштириш ва ўтказиш тартибини бузганликда айбланаётган фаоллар Марат Уатхан, Суюндиқ Алдабергенов, Қуат Кунбўлатов, Геройхан Қистаубаев ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Тўрегўжина, суд ҳукмига мувофиқ, 15 суткага ҳибс этилганлар.

18 май куни эса Олмаота суди фуқаролик жамияти фаоли Мўлдир Адиловани 15 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарган. Шунингдек, Олмаота яқинидаги Талғар туманида яшовчи Манас Абдиманап ва Қуаниш Султаналинга ҳам шундай жазо берилгани айтилмоқда. Бу одамлар расмийлар томонидан ноқонуний варақа тарқатганликда айбланганлар, айни пайтда расмийлар мазкур варақалар мазмунини очиқламаяпти.

17 май куни Уральск шаҳрида бард қўшиқчи Жанат Есентаев судгача тергов важи билан 3 суткага қамалган. Бундан бир кун аввал полиция Жанат Есентаев ва маҳаллий фаол Исатай Утеповнинг уйида ҳамда улар мансуб бўлган “Абирой” жамоатчилик бирлашмаси идорасида тинтув ўтказган.

Тинтув чоғида полициячилар уяли телефонлар ва компьютерларни мусодара этганлар. Апрель ойида бу фаоллар шаҳар ҳокимиятига 21 май куни “ер масаласи” бўйича митинг ўтказишга марказий майдондан жой беришни сўраб ариза топширгандилар, бироқ расмийлар бу аризага рад жавобини берганлар.

Сешанба оқшомида эса пойтахт Остонада суд фуқаролик жамияти фаоли Мақсат Илясулини 10 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарган.Илясули “ер масаласи” бўйича қатор шаҳарларда оммавий митинглар бўлиб ўтганидан кейин Қозоғистон президенти топшириғига кўра тузилган ер ислоҳоти комиссияси аъзоси эди.

Норозилик намойишларига қишлоқ хўжалик ерларини хорижликларга ижарага бериш ва сотиш бўйича Ер кодексига киритилган ўзгартишлар сабаб бўлганди. Оммавий митинглар қабатида президент Назарбоев бу ўзгартишларга мораторий жорий қилган. Ер ислоҳоти бўйича комиссиянинг 14 май ўтказилган илк мажлисидан сўнг Мақсат Илясули комиссия ишида иштирок этишдан бош тортганди.

Остоналик яна бир фаол Махамбет Абжан ҳам 16 май куни “майда безорилик”да айбланиб, 10 суткага қамалган. Бунгача у прокуратура томонидан рухсат этилмаган акциялар ўтказишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириш олганини билдирганди.

Душанбадан бери давом этаётган ҳибслар фаолларнинг ер масаласи бўйича 21 майга мўлжалланган умуммиллий митинги арафасида амалга оширилмоқда.

Ўтган ҳафта БМТ экспертлари қозоқ расмийларини ерни ижарага бериш ва хусусийлаштириш режасига қарши чиқаётган фаолларни қўлга олиш ва жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга чақиргандилар.

XS
SM
MD
LG