Линклар

Туркиянинг Истанбул шаҳри “Отатурк” аэропортида 17 май куни қалбаки қирғиз паспортлари билан 98 нафар хитойлик уйғурнинг қўлга олиниши Қирғизистонда катта жанжалга сабаб бўлди. Мазкур масала келгуси ҳафтада парламентда ҳам муҳокама қилинади. Айни пайтда эса бу воқеа юзасидан Миллий хавфсизлик хизмати тергов ишларини бошлади.

Қирғизистонда фуқароларга паспорт беришга масъул бўлган Давлат рўйхатга олиш хизмати Туркиянинг Истанбул шаҳри “Отатурк” аэропортида 98 нафар хитойлик уйғурдан қалбаки қирғиз паспортлари топилиши воқеаси юзасидан ички текширув бошланганини маълум қилди.

Рўйхатга олиш хизматининг билдиришича, бу масалада Туркия ҳукуматига расмий сўров ҳам жўнатилди.

- Мана шу паспортларнинг номерлари ва сериясини бизга айтсанглар, уларни ўзимизнинг базамиз орқали текшириб чиқамиз, деб сўров юбордик. Лекин бизда мавжуд дастлабки маълумотларга қараганда, бу паспортлар қалбаки бўлган. Таъкидлайман, бу дастлабки маълумот. Текширув натижалари бу маълумот нақадар тўғри ёки нотўғри эканини кўрсатади, - деди Давлат рўйхатга олиш хизмати матбуот котиби Мелис Эржигитов.

Қирғизистонда хориж давлат фуқароларининг учинчи давлатларда соҳта қирғиз паспортлари билан қўлга олиниши юзасидан жанжаллар 2013 йилдан бери тез-тез содир бўлиб туради.

Қирғиз сохта паспортлари билан Европа ва Осиё мамлакатларига чиқиб кетганлар орасида қозоғистонлик ва тожикистонлик мухолифатчилар, ўзбекистонлик аёллар ва Россияда меҳнат қилаётган тожик ва ўзбек муҳожирлари борлиги ҳам аниқланган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги олиб борилган текширувлар натижасида 2014 йилдан буён 40 мингга яқин одамга ноқонуний равишда қирғиз паспорти берилгани аниқланганини маълум қилган эди.

Хориж фуқароларидан Қирғизистон паспортининг топилиши воқеаси қирғиз парламентининг кейинги ҳафтадаги сессиясида ҳам муҳкама қилинади. Парламент депутати Алмамбет Шикмаматов бу воқеа юзасидан Миллий хавфсизлик хизмати ҳам тергов бошлаганини маълум қилди.

-“Қирғизистоннинг паспорнти сохта, кўплаб террорчилар, жиноятчилар Қирғизистон паспортини қўлланади”, деган баҳона билан хориж давлатларида юрган 2 миллион ватандошимизга турли тўсиқлар қўйила бошланиши мумкин. Бундан ташқари соҳта паспорт билан “Исломий давлат” жанггарилари Қирғизистонга кириб келса нима бўлади? Бу ўта жиддий масала. Шунинг учун бу воқеани биз ўз назоратимизга олиб, Давлат рўйхатга олиш хизмати ҳамда Миллий хавфсизлик хизматидан тўлиқ ҳисобото талаб қиламиз, -деди депутат.

Туркиядаги Нurriyet нашри 18 май куни Истанбулнинг "Отатурк" аэропортидан Саудия Арабистонига учмоқчи бўлаётган 98 уйғур қалбаки қирғиз паспортлари билан қўлга олингани хақида хабар тарқатган эди. Уларга "Отатурк" аэропортида қалбаки паспортларни ва Саудия Арабистонига билетларни топширган тўрт киши ҳам қўлга олингани билдирилган.

“Уйғурлар ҳар бир қалбаки паспорт учун 2500 евро ва билетлар учун 300 евродан пул тўлаган”, деб хабар берди Нurriyet нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таянган ҳолда.

Нurriyet нашрининг ёзишича, тергов ишлари якунланганидан сўнг уйғурлар Хитойга депортация қилинади.

XS
SM
MD
LG