Линклар

Париж-Қоҳира йўналишида учаëтган самолëт Ўрта ер денгизи устида йўқолиб қолди


EgyptAir ширкатининг Париждан Қоҳирага учаëтган пайтда радардан йўқолган йўловчи учқичини қидириш ишлари давом этмоқда.

Бугун тонгда Париждан ҳавога кўтарилган Airbus A320 учқичи бортида 56 йўловчи ва 10 экипаж аъзоси бўлган.

Миср ҳарбийларига кўра¸ учқич Ўрта ер денгизи устида учаëтган маҳал Миср ҳаво ҳудудига ўтганидан сўнг радардан йўқолган.

Ҳозирда Миср ва Греция кемалари ва учқичлари йўқолган учқични қидириш жараëнига жалб этилган.

Миср ва Франция раҳбарлари учқичнинг йўқолишида бирор тахмин эҳтимолдан соқит қилинмаëтганини билдирди.

Март ойида Александриядан Қоҳирага учаëтган учқич белига бомба боғланганини иддао қилган йўловчи талаби билан Қибрисга қўндирилган ва олти соатлик музокаралардан сўнг¸ бу шахс таслим бўлган эди.

Ўтган йил октябрь ойида бортида 224 одам бўлган Россия йўловчи учқичи Мисрнинг Синай ороли устида портлаб кетган эди.

“Исломий давлат” террор гуруҳи учқич юкхонасига ўзига тарафдор аэропорт хизматчиси томонидан олиб кирилган бомба учқични портлатганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG