Линклар

Ўзбекистонда Чеченистоннинг собиқ президенти Аҳмад Қодиров хотирланди


Аҳмад ҳожи Қодиров устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан.

Аҳмад ҳожи Қодиров устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан.

Тошкентда Чеченистоннинг собиқ президенти Аҳмад ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган диний маросим ўтказилди. Бу ҳақда Аҳмад ҳожининг ўғли, Чеченистоннинг амалдаги раҳбари Рамзан Қодиров Инстраграмдаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон пойтахтидаги маъракада Чеченистон муфтийси Салоҳ Межиев, Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил Бердиев, Чеченистон ва Қорачой-Черкес республикаларининг юқори лавозимли мулозимлари иштирок этганлар.

Аҳмад ҳожи Қодиров Ўзбекистоннинг Бухоро ва Тошкент шаҳарларида диний таҳсил олган.

Рамзан Қодировнинг ёзишича, Кавказдан келган делегация вакиллари Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов, Аҳмад ҳожининг устозлари, ҳамсабоқлари ва дўстлари билан учрашиб, суҳбатлашганлар.

“Мулоқот иштирокчилари у (Аҳмад ҳожи Қодиров) ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашганлар, унинг энг яхши талаба бўлганини, аъло баҳоларга ўқиганини, имтиҳонларни муддатидан аввал топширганини айтганлар”, деб ёзади Чеченистоннинг амалдаги раҳбари.

2004 йили суиқасд қурбонига айланган Аҳмад ҳожи Қодиров машҳур ўзбек олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни устоз, деб биларди. Ўтган йил мартида Рамзан Қодиров Чеченистон пойтахти Грознийдаги кўчалардан бирига марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилиши ҳақида эълон қилган.

XS
SM
MD
LG