Линклар

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда энергияни иқтисод қилувчи технологияларни татбиқ этишда ёрдам таклиф қилди.

Kun.uz сайти маълумотига кўра, ЕИ Комиссиясининг энергетик иттифоқ бўйича вице-президенти Марош Шевчович Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув пайти бу борада гапириб, Ўзбекистонга ёрдам таклиф қилган.

Шевчович Тошкентдаги икки кунлик сафари давомида Ўзбекистон расмийлари ва бизнес вакиллари билан учрашиб, Марказий Осиё учун инвестиция жамғармасидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилган.

Ҳозирда бу борада бирор келишув имзолангани номаълум.

Жорий йил бошида Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги электр узатиш тармоқлари модернизацияси учун 10 миллион евро миқдорида грант ажратиши маълум қилинган эди. Ушбу грант бўйича кейинчалик ҳеч қандай маълумот эълон қилинганича йўқ.

2011 йил январида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган. Ҳужжатда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ширкатларининг Ўзбекистондаги ёнилғи-энергетик мажмуаси соҳаларини модернизациялаш, энергия тежайдиган технологияларни татбиқ қилиш ҳамда ҳудудлараро транспорт-алоқа ва транзит йўлакларини ривожлантириш ишларида иштирок этиши кўзда тутилган бўлса-да, шу пайтгача бу борада биронта бизнес-лойиҳа амалга оширилган эмас.

XS
SM
MD
LG