Линклар

Ўзбекистонда жала оқибатида 217 хонадон зарар кўрди


Самарқанднинг Уругут туманига келган сел.

Самарқанднинг Уругут туманига келган сел.

Ўзбекистонда 10 майдан 16 майгача ёққан кучли ёмғир оқибатида Наманган, Сурхандарё, Навоий, Тошкент вилоятларидаги қатор туманларда ҳамда пойтахтда турар жой бинолари, транспорт коммуникациялари зарар кўрган, жабрланган одамлар бор. Бу ҳақда Ўзбекистон фавқулодда ҳолатлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, айни пайтда табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда, зиён кўрган одамларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилган.

10 май куни Наманган вилоятининг Поп туманидаги Чодак аҳоли пунктида 85 хўжаликни сув босган, 1 уй вайрон бўлган. Бу аҳоли пунктидан 205 одам хавфсиз жойга кўчирилган.

10-11 май кунлари Сурхандарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида 46 хўжалик сув остида қолган. Бу туманлардан 342 одам хавфсиз жойга кўчирилган ва уларга 15 қоп ун, 48 кило гурунч ҳамда 1 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилган.

11 май куни Тошкентнинг Охангарон туманида ёққан жала оқибатида "Гулистон - Ўш" автойўлининг 155-километри ювилиб кетган.

15-16 май кунлари Наманган вилояти Поп тумани Чодак аҳоли пунктида кучли жала оқибатида яна 58 хўжаликни сув босган.

16 май куни Навоий вилояти Конимех туманида “Тошкент-Урганч” темир йўлининг 157 километри зарар кўрган. Шу куни Тошкент шаҳри Сергели туманида ёмғир оқибатида 28 хўжаликни сув босган.

Озодлик радиоси 16 май куни ўз манбаларига таяеган ҳолда Наманган вилояти Чодак қишлоғида сел юргани оқибатида 3 одам ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган эди. Бироқ Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг якшанба куни тарқатилган хабарида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган..

XS
SM
MD
LG