Линклар

logo-print

Тошкент ҳаёт сифати энг ёмон шаҳар деб аталишига эътироз билдирилмоқда


Тунгги Тошкент.

Тунгги Тошкент.

Ўзбекистонлик фаоллар Тошкентнинг ҳаёт сифати энг ёмон бўлган шаҳарлар қаторидан олиб ташлашга чақирувчи петицияни бошлади. Causes.com интернет ресурсида ташкил қилинган петиция ушбу хабар эълон қилинган пайтда 257 имзо тўплади. Ташаббус муаллифлари камида мингта имзо тўплашга умид қилмоқда. 21 май куни Mercer консалтинг ширкати эълон қилган жаҳон шаҳарларидаги ҳаёт сифатига доир 2016 йилги рейтинг остидаги 33 шаҳар орасида Ўзбекистон пойтахтини ҳам бор. Тошкент бу рейтингда Кот д Ивуарнинг Абиджан шаҳри ва Того пойтахти Ломе оралиғидаги 26-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон пойтхати 21 май куни Mercer консалтинu фирмаси эълон қилган Ҳаёт Сифати Индекси (Quality of Living Index) рейтингига кўра ҳаёт сифати энг паст бўлган шаҳарлардан бири деб топилди.

Тошкент шаъни ҳимоясига чиққан фаоллар гуруҳига Тошкентдаги Инха Университети ректори Шуҳрат Шерматов етакчилик қилмоқда.

“Тошкент хорижий меҳмонлар учун дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан биридир. Лекин уларнинг кўпчилиги бу шаҳарнинг хавфсизлиги тўғрисида нохолис фикрларга тўқнаш келади ва бунинг асосий сабаби Mercer ва Independent нашри эълон қилгани каби турли рейтингларлардир. Улар холис текширув ўтказмасдан салбий хабарларни тарқатишга ҳаракат қилмоқда”, дея эътироз билдирди Шерматов.

Мазкур петиция остида қолдирилган шарҳлар муаллифларининг айримлари бу фикрларга қўшилмаслигини айтиб, гап хавфсизлик эмас, ҳаёт сифатининг даражаси ҳақида кетаётгани ёзишди. Шарҳлардан бирида масалан, “минглаб ўзбекистонликлар прописка тизими сабабли Тошкентга келиб яшай олмайди Улар жиноятчи ёки иккинчи даражали фуқаролар каби шаҳардан ҳайдаб чиқарилади ва мунтазам таъқиб қилинади. Бу ғирт шармандалик”, дея фикр билдирилади.

Дунёнинг энг йирик консалтинг фирмаси ҳисобланган Mercer ҳар йили эълон қиладиган "Ҳаёт сифати индекси" (Quality of Living Index) рейтинги 21 май куни эълон қилинди. Mercer ширкати жаҳоннинг турли бурчакларидаги 450та шаҳарда ҳаёт кечириш даражасини ўрганиб, уларнинг 250тасини ўз рейтинггига киритган.​

The Independent ва Business Insider нашрлари мазкур рейтингнинг остидан ўрин олган дунёнинг 33 шаҳри рўйхати ва Mercer ширкати берган изоҳларни эълон қилди.

Тадқиқот хулосаларига кўра, Тошкент ҳаёт сифати энг ёмон бўлган шаҳарлар орасида, яъни рейтинг остидан 26 поғонага қўйилган.

“Марказий Осиёдаги пойтахтлардан бири бўлган бу шаҳар сўнгги бир йил ичида террорчилик ўчоғига айланди. 2015 йилда Тошкентдаги АҚШ элчихонасига номаълум шахс сўнгги 11 йилда биринчи марта ҳужум қилди. Ҳукумат исломий экстремизмга қарши кураш чораларини кўрмоқда”, дейилади Тошкентга оид қисқа шарҳда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига 2015 йилнинг 28 сентябрь куни тонгги 7.30 лар атрофида иккита “Молотов коктейли” отилгани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган эди. АҚШ элчихонасига кўра, элчихона ҳовлисига ирғитилган “ёнувчан мосламаларнинг бири портлаган”.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига 2004 йил 30 июль куни ҳам ҳужум уюштирилган. 11 йил аввал АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасида бир пайтнинг ўзида худкушлар тарафидан содир этилган портлашларда камида икки одам ҳалок бўлган ва ўндан ортиқ одам жароҳатланган эди.

2004 йилги портлашлар учун масъулиятни “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”га алоқадор “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Рейтинг муаллифлари экстремистлик, террорчилик каби ҳолатлардан ташқари мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий муҳит, иқтисодий муҳит, матбуот эркинлиги, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, мактаб ва маориф, коммунал хизматлар ва транспорт, фуқароларга дам олиш учун яратилган имкониятлар, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш, яшаш шароити, атроф-муҳит каби кўрсаткичлардан келиб чиққанлар.

Рейтингда Марказий Осиёнинг бошқа пойтахтларидаги ҳаёт сифати даражаси Тошентдагидан ёмонроқ экани ҳам қайд этилган. Рейтингда Душанбе 19-ўринга қўйилган. Бишкек 21- ва Ашхабод 23-ўринларни эгаллаган.

Рейтингда Тожикистонда қашшоқлик ҳукм суриши ва энергиянинг етишмаслиги, Қирғизистонда қашшоқлик даражасиниг катта экани, Ашхабодда эса ҳукуматнинг бефарқлиги оқибатида йиллардан бери одамлар сув етишмаслигидан азоб тортиб келаётгани таъкидланган.

Ҳаёт учун ноқулай бўлган шаҳарлар рейтингидаги 1-ўрин Ироқ пойтахти Бағдодга, охирги 33 –ўрин эса Танзаниянинг Дар ус Салом шаҳрига берилган.

Айтиб ўтиш жоизки 2015 йилда Economist Intelligence Unit ташкилоти томонидан тузилган ҳаёт кечириш даражаси юқори бўлган мамлакатлар рейтингида Тошкент дунёдаги 140 шаҳар орасида 116-ўринни эгаллаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG