Линклар

logo-print

Самарқанд вилояти Ургут туманида ишлаб турган улгуржи бозори ва унинг теграсидаги абгор санитария-гигиена шароити ҳақида Озодликка шикоят келди. Мактубга тиркалган ўндан ортиқ суратда ахлат босган анҳор, тош босган ўйдим-чуқур йўл ва девори кўчган янги намунавий уйлар акс этган. Озодлик боғланган харидорларга кўра, 5 йил муқаддам очилган бозор ҳануз чала қурилган, пала-партиш аҳволда қолмоқда, унинг ортида эса улкан ахлатхона пайдо бўлган.

Озодликка йўлланган шикоятда нафақат Самарқанд балки қўшни вилоятлардан ҳам харидорлар борадиган улгуржи бозордаги садо дўконларининг аралаш жойлашгани, аксар дўконлар чала битганича қолаётгани, ошхоналарда эса тозалик умуман талабга жавоб бермаслиги айтилган:

"... бозордаги сотиладиган молларнинг турли жойда жойлашган... кўйлак сотиб олиш учун бозорни ҳамма жойини айланиб чиқишга тўғри келади... айрим ошхоналар жуда ифлос, кирган хўрранданинг иштаҳаси бўғилиши тайин... ерга ётқизилган бетон плиталар бозор қурилган вақтлари синиб яроқсиз ҳолга келган эди... бозор ҳудуди ва бозорнинг атрофига умуман қараб бўлмайди, ҳамма жой ифлос, қаерга қараманг ахлат, ҳар хил чиқиндилар..."

Шунингдек, асосий урғу бозорнинг орқа тарафидаги каттагина майдонда ҳосил бўлган ахлатхона масаласи тилга олинган:

"... Ургут янги бозорининг орқа тарафига ўтсангиз, бозордаги барча чиқиндиларни орқа тарафга ташлашади... ахлатлар уюм-уюм... бозорнинг орқа тарафида цемент канал бор. Барча чиқиндилар шу каналча ва шу каналчанинг атрофига ташланади. Ёзда сасиб, хар хил касалликлар тарқалади.

Яна эшитишимча бозор ҳудудида жойлашган туалетларнинг оқова сувлари ҳам шу каналчага тушар экан, бу ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг энди..." дейилади шикоят мактубида.

Мактубда улгуржи бозорга элтувчи йўллар ва унинг яқинидаги намунавий уйларнинг аҳволи ҳам абгор эканидан арз қилинган:

"Ушбу ерда яъни ахлатхона атрофида Мирзақишлоқлик фермерларнинг ерлари жойлашган. Бу ерда ахлат билан сув аралашиб, экин майдонлари суғорилади... Юқоридаги фактларни бозор раҳбарияти ва маъмурияти жуда яхши билади, лекин бунга эътибор қаратишмайди... бозор атрофида янги коттежлар қурилган... қараб бўлмайди деворлари ёрилган, плиталар жойидан кўчиб тушган. Ҳамма ҳаммаси номигагина қилинган ишлар. На йўллари асфальт қилинган, на монтаж қилинган электр симлари...
Ургут янги бозорига Мирзақишлоқдан келувчи асосий йўл жуда ачинарли ҳолатда, йўл балчиқ бўлиб машиналар ботиб қолади".

​Озодлик бу мактубда тилга олинган муаммоларга "Ургут савдо комплекси" раҳбариятидан ҳозирча жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Аммо, ургутлик бир неча тингловчи мактубда тилга олинган муаммоларни тасдиқлади.

Бу бозорни нисбатан арзон бозор, деб таърифлаган тингловчи ўтган 5-6 йил ичида янги бозорда тартиб шаклланмаганини айтди:

- Кийим-кечак қисми аралаш-қуралашлиги рост. Ўзи бозорларда бўлинган бўладику, бу бозорда унақамас. Ёзги кийим, қишки кийим, оёқ кийим, костюм-шим - ҳаммаси аралаш. Бунинг устига овқат-озиқ ҳам кийим дўконни ёнидан сотилаверади. Чала битган жойлари ҳам шундай қолган. Тозалиги ҳам яхшимас, бу тўғри. Лекин, бу бозор улгуржа бозор бўлагани учун товар кўп ва арзон - шунга одамлар боради, қадимдан ўзи Ургут бозори шунақа бўлган, - дейди ургутлик аёл.

У ҳам бозор теграсидаги йўлларнинг асфальт ётқизилмагани, ёзда чанг-тупроқ, қишда лойга ботишини тасдиқлади.

Бу бозорда ўтган ҳафта харид қилган ургутлик бир фермер эса бозор ёнидаги ахлатхонадан хабари борлигини айтди:

- Бозордаги ошхоналар ташлайдида ахлатни. Орқасида йиғилиб кетган. Ўзи шу янги бозор тоза жоймас, ҳаммаси аралашиб ётибди. Энди оптовий бўлгани учун борамиз, арзон бошқа бозорлардан. Лекин, жуда катта у бозор, жуда катта, - деди ургутлик фермерлардан бири.

Бу "Ургут савдо комплекси"даги вазият устидан Озодликка келган биринчи шикоят эмас. Бундан ташқари, янги бозорнинг очилиши ва унга тумандаги бошқа бозорларнинг кўчирилишида ҳам милиция ходимлари иштирокидаги жанжаллар кузатилган.

2011 йилнинг ёзида Ургут тумани марказидаги “Янги буюм бозори”, “Ҳалим ака бозори” ва яна 10 та кичик бозорнинг ҳаммаси янги савдо комплексига жойланган эди. Янги бозорда савдо нуқталари етарли бўлмагани боис, тадбиркорларнинг ўзи вақтинчалик савдо расталари қурган ва бугун олинган маълумотга кўра, ўша омонат расталарнинг аксари ҳануз ишлаб турибди.

Бундан ташқари, 2011 йилнинг 23 июнь куни расмийлар милиция махсус кучлари ёрдамида Ургут марказидаги буюм бозоридан тадбиркорларни мажбуран янги бозорга кўчирмоқчи бўлганида икки томон ўртасида жанжал чиққан эди.

XS
SM
MD
LG