Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:19

Петербургда чойшабга осилиб тушаётган аёл 4 қаватдан қулади


Санкт-Петербургнинг Колпино шаҳарчасида Ўзбекистон фуқароси бўлган 32 яшар аёл 4 қаватдан йиқилиб тушди ва оғир жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилди. Полиция маст ҳолатда бўлган бу аёл арқон қилиб боғланган чойшабларга осилиб квартирадан чиқиб кетаётиб йиқилганини аниқлади.

20 май куни Петербургнинг Колпино мавзесида 4 қаватдан йиқилиб тушган аёл 32 яшар Ўзбекистон фуқароси экани маълум бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, шу куни 22:50ларда бир нечта чойшабни бир-бирига боғлаб, квартира деразасидан пастга тушаётган аёл ўзини тутолмасдан 12 метр баландликдан тушиб кетган.

Ҳодиса жойига қўшнилар томонида чақиртирилган тез ёрдам шифокорлари ўзбекистонлик аёл кататравма олгани, тос суяги, чап елка суяги синганини аниқлади.

Озодликка маълум бўлишича, ғаройиб ҳолатда оғир жароҳат олган ўзбекистонлик муҳожир аёл Октябрский кўчасидан шаҳарнинг 33-сонли шифохонасига келтирилган.

Колпино шаҳар шифохонасининг реанимация бўлими ходимлари Озодлик сўровига аёл ўрта оғирликдаги ҳолатда қолаётганини билдиришди.

- Исми-шарифи Н.А. У травматология бўлими палатасига ётибди. Умумий ҳолати – қониқарли, температураси – нормал. Уни аллақачон реанимация бўлимидан умумий палатага ўтказишди,- деди 33-сонли шифохона врачи.

Озодлик Насиба Б. исмли 32 ёшли бу аёл Самарқанд шаҳридан эканини аниқлади. Колпино Ички ишлар бошқармаси ходимлари Насиба кимдан қочиб, деразадан пастга арқонга осилиб тушишга қарор қилгани аниқланаётганини билдиришди.

Полиция, шунингдек, Насиба пастга тушаётганида маст ҳолатда бўлганини аниқлади.

Маълум бўлишича, у Петербургда миграция қайдига турмасдан яшаб келган. Ҳуқуқ-тартибот органи тафтишчилари тергов-суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Қурилишда яна бир фожеа

Санкт-Петербургнинг Советский проспектида 22 май куни яна бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 10 қаватдан тушиб кетди. Тонгги саҳар 6:30 ларда деразадан тушиб кетган ишчи 39 ёшда экани ва шу қурилишда монтажчи бўлиб ишлаб келгани маълум бўлди.

Ҳодиса жойига етиб келган терговчилар судолди тафтиш ишларини олиб бормоқда, ҳодиса сабаблари аниқланмоқда. Марҳум билан бирга ишлаб келган юртдошлари у 10 қаватдан техника хавфсизлигига риоя қилмагани боис қулаб тушганини билдиришган. Маълумки, қурилишда ўлган ўзбек муҳожири Петербургда расман қайдда турган, шимолий пойтахтга ишга жорий йилнинг март ойида келган.

Муҳожир жасади маҳаллий суд-тиббий экспертиза лабораториясига жўнатилди.

XS
SM
MD
LG