Линклар

ЎФФ Қирғизистон билан ўйин нега бекор қилинганини сир сақламоқда


Ўзбекистон футболчилари.

Ўзбекистон футболчилари.

Ўзбекистон Футбол федерацияси Бишкек ҳукумати Орол денгизини сақлаб қолиш халқаро жамғармасидаги фаолиятини вақтинча тўхтатиши тўғрисида баёнот берганидан икки кун ўтиб Қирғизистон терма жамоаси билан ўтказилиши лозим бўлган ўртоқлик учрашувини бекор қилди. Федерация бу қарор қабул қилинишига туртки бўлган сабабларни очиқлашдан тийилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон футбол терма жамоаларининг учрашуви 2 июнь куни Тошкентнинг “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши режалаштирилган эди. 20 май куни Ўзбекистон Футбол федерацияси расман бу учрашув бекор қилинганини билдирди, бироқ бунинг сабабларини очиқламади.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг ўз исмини айтмаган расмийси ҳам Озодлик радиоси билан телефон орқали суҳбатда бу сабабларни очиқлашдан тийилди. Айни пайтда расмий Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнь куни Қирғизистон ўрнига Экваториал Гвинея жамоаси билан майдонга тушишини маълум қилди.

“Қирғизистон билан ўйиннингг бекор қилиниши Ўзбекистон Футбол федерацияси режаси ўзгартирилгани билан боғлиқ. Бу режа нега ўзгартирилгани сабабларини очиқ айта олмайман. Қирғизистон Футбол федерациясига ўйин қолдирилгани ҳақида расмий билдирув жўнатганмиз. Шундан сўнг Экваториал Гвинея билан музокаралар ўтказдик. Музокаралар муваффақиятли якунланди, шунинг учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнь куни Тошкентда Экваториал Гвинея миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Учрашув соат 19да “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади”, - деди Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмийси.

Қирғизистон Футбол федерацияси расмийлари учрашув Ўзбекистон ташаббуси билан бекор қилинганини тасдиқлаган ҳолда, бундай қарор сабабларидан бехабар эканини билдирди.

- Қирғизистон Футбол федерациясига Ўзбекистон Футбол федерацияси 2 июнга режалаштирилган ўртоқлик учрашуви бекор қилингани ҳақида расмий билдирув юборган. Бунинг ортидан Қирғизистон футбол жамоаси ҳам ўз режаларини ўзгартиришга мажбур бўлди, - деди Қирғизистон Футбол федерацияси матбуот котиби Наталья Угрюмова.

Қирғизистонлик спорт журналисти Бакит Шукуралиев эса ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон ташаббуси билан режалаштирилганини, бироқ Тошкент ўзи таклиф қилган учрашувдан ўзи бош тортгани тушунарсиз бўлиб қолаётганини айтди:

- ФИФАнинг расмий ўртоқлик учрашувлари календарида Ўзбекистон терма жамоаси 2 июнь ва 7 июнда иккита учрашув ўтказиши белгиланган. 2 июнь куни Қирғизистон Ливан билан майдонга тушиши керак эди. Бироқ Ливандаги хавфсизлик вазиятидан келиб чиқиб, бу ўйин қолдирилган. Шундан сўнг Тошкент Қирғизистонга 2 июнь куни ўртоқлик учрашуви ўтказиш таклифини киритган. Ўзбекистон Футбол федерациясининг ўз таклифини қайтариб олиши кутилмаган воқеа бўлди. Менимча, Ўзбекистон Футбол федерациясига бу ҳақда юқоридан кўрсатма берилган бўлса керак,- деди Бакит Шукуралиев.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар эса Ўзбекистон – Қирнғизистон миллий терма жамолалари учрашувининг бекор қилинишига сиёсий вазият сабаб бўлди, деган фикрни билдирмоқдалар.

Сиёсатшунослар фикрича, 18 майда Қирғизистон Орол денгизини сақлаб қолиш халқаро жамғармасидаги фаолиятини вақтинча тўхтатгани ҳам футбол бўйича ўртоқлик учрашувининг қолдирилганига сабаб бўлган бўлиши эҳтимол.

Март ойининг охирларида Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий теника киритгани ортидан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Тошкентда 23-24 июнда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига бормаслиги мумкинлигини расман билдирган эди.

Сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий терма жамоалари 5 марта учрашган. Мазкур учрашувларда Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 22:2 ҳисобида Қирғизистон футболчиларини мағлуб этган.

Айни пайтда ФИФА рейтингида Ўзбекистон 66-ўринни, Қирғизистон 100-ўринни эгаллаб турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG