Линклар

Толибон янги етакчи тайинланганини эълон қилди


Толибонга етакчи этиб танланган Мулла Хайбатулла Охунзода

Толибонга етакчи этиб танланган Мулла Хайбатулла Охунзода

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўтган ҳафта АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган Мулла Ахтар Мансур ўрнига янги етакчи танланганини эълон қилди.

25 май куни тарқатилган баёнотда жангари ҳаракат Мансур ўлдирилганини тасдиқлаб, ўрнига Мулла Хайбатулла Охунзода тайинланганини маълум қилди. Охунзода ҳаракат собиқ етакчисининг ўринбосарларидан бири ва Толибон адлия вакили бўлган.

Баёнотга кўра, Охунзода Толибон етакчиларининг йиғинида “бир овоздан келишилган ҳолда” етакчи қилиб тайинланган. Тахминларга кўра, жангарилар Покистон ҳудудида йиғин ўтказган.

Шунингдек, Толибон матбуот вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг маълум қилишича, янги етакчининг муовинлари ҳам тайинланган. Улардан бири сўнгги йилларда Кобулда амалга оширилган йирик хуружлар учун масъул бўлган Сирожиддин Ҳаққони ҳамда Толибон ҳаракати собиқ етакчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли Мулла Муҳаммад Ёқубдир.

Мансур 21 май куни Покистонда ўз машинасида кетаётган пайтда АҚШ пилотсиз учқичидан отилган ракета билан ўлдирилган эди.

XS
SM
MD
LG